Бошига мусибат тушган бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиш улуғ фазилатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Анфол, 46). Яна бундай марҳамат қилади: “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир” (Шўро, 43).

Қудсий ҳадисда: “(Эй бандаларим), Мен бандаларим ичидан бир мўмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб, Менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойидан хато-гуноҳлардан онаси туққан кунидагидек пок бўлиб туради”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабр эвазига бериладиган мукофотлар ҳақида бундай деганлар: “Ким жаҳлу ғазабини тўхтата олса, Аллоҳ таоло унга ажру савоб ато этади. Ким мусибатларга сабр қилса, Аллоҳ таоло унинг эвазига ажр-мукофот беради” (Байҳақий ривояти). Мусибатни кўтариш осон бўлмагани учун ҳам сабр қилувчиларга ана шундай мукофот ваъда қилиняпти.

Мусибат сабрли одамга бир, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлади. Ҳадислардан бирида: “Сабрлилик мусибатнинг биринчи дақиқаларида билинади”, дейилади (Имом Аҳмад ривояти). Мусибат кўрган киши: “Эй Аллоҳ, мени сабрлилардан қилгин. Мусибатнинг ажрига муваффақ эт”, дея дуо қилиши яхшидир. Афсус, айрим кишилар мусибат тоши остида эзилганида гапираётган гапларию қилаётган хатти-ҳаракатларини назорат қилолмай қолишади. Аллоҳга қарши исён қилиш даражасигача боради. Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асло бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир”, деганлар.

Инсон жисмонан бақувват бўлгани билан, аслида, у ғоятда ожиздир. Унинг тоқатсизлик, калта ўйлаш ва сабрсизлик туфайли йўл қўядиган хатолари кўп бўлиши мумкин. Шу боис банда Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари синов бермаслигини ҳис этиб, бардошли бўлиши лозим.

Қуръони каримда бундай дейилади: “...Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда раҳм қил!..” (Бақара, 286).

Умри давомида кишининг боши узра қуёш чарақлайдиган кунлар билан бирга турли ғам-ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик-тангликни ҳам, тўқлик-очликни ҳам, ғалабаю мағлубиятни, шодлигу мусибатни ҳам кўради одамзод. Инсондан машаққат, мусибат пайтида сабр қилиш, тушкунликка тушмаслик, умидсиз бўлмаслик, ҳақ устида сабот билан туриш талаб этилади. Банда шундагина саодатга эришади.

Муҳаммадий ҚОРАЕВ,

“Хожа Бухорий” Ислом ўрта-махсус билим юрти ўқитувчиси