Банда ризқини Аллоҳ таоло белгилайди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “(Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг асли-манбаи бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарса(ризқ)ларни аниқ ўлчов билан (сизларга) туширурмиз (Ҳижр, 21), дея марҳамат қилинади.

Демак, ризқ Аллоҳ таолодан. Инсон эса меҳнати билан Ўзи белгилаб қўйган насиба йўлини очишга ҳаракат қилади. Чунки Аллоҳ таоло ризқни белгилаб, унинг йўлига тўсиқлар қўйди. Бу тўсиқларни олиб ташлашни эса инсонларнинг ўзларига қолдирди. Инсон меҳнат қилар экан, Аллоҳ таолонинг ризқ йўлига қўйган тўсиқларини очади. Ҳазрат Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай дейди: “Деҳқонки дон сочар, дон сочиш билан ризқ йўлини очар”.

Агар инсон касб-ҳунар билан меҳнат қилиб, ўз ризқ йўлини очмас экан, у бошқаларнинг ризқига шерик бўлади. У ўз юкини бошқа бировларга ортган бўлади.

Ривоят қилинишича, Довуд (алайҳиссалом) кечалари шаҳар айланиб юрар эканлар. Бир куни шаҳарда бир йигит билан учрашиб қолдилар. У йигитдан: “Довуд қандай инсон?” деб сўрадилар. У йигит Довудни (алайҳиссалом) танимасдан: “Ҳазрат Довуд яхши инсон, аммо бир ёмон одати бор”, дейди. Довуд (алайҳиссалом) унинг бу гапига қизиқиб: “Довуднинг қандай ёмон одати бор?”деб сўрадилар. Шунда йигит: “Ҳазрат Довуднинг ёмон одати шуки, у ўзи бирор касб қилиб, ўз ризқ йўлини очиш ўрнига бошқаларнинг топган насибасига шерик бўлади. Бандалар ичида энг севимлиси ўз меҳнати билан кун кечирадиган кишилар эмасми?!” дейди. Йигитнинг гапидан қаттиқ таъсирланган Довуд (алайҳиссалом) уйига қайтадилар. Йигитнинг ҳақ гапи уни йиғлатади. Ва Аллоҳ таолога шундай дуо қилдилар:

“Эй Раббим, ўз ризқимни топиб ейиш учун менга ҳунар бер! Бу ҳунар билан меҳнат қилиб, ўз ризқим йўлини очай. Бошқаларнинг ризқига шерик бўлмай”.

Мана шу дуодан кейин Аллоҳ таоло Довудга (алайҳиссалом) темирчилик касбини берган экан.

Ризқ йўли тўсиқларини очишни уддалай олган кишиларни тадбиркор одамлар деб айтишимиз мумкин. Бир тадбиркор одам кўплаб одамларнинг ризқ йўли очилишига сабабчи бўлади. Шу туфайли Соҳибқирон Амир Темур ризқ йўлини очишда қобилияти борлар ҳақида бундай деган:

“Менга мингта уқувсиз одамдан битта тадбиркор афзал”.

Инсон меҳнат қилар экан, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ризқ йўлини очади ва шу баробарида кўп ажру савобларга эга бўлади. Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким кўчат экса, унинг мевасидан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, эккан кишига садақа қилинганнинг савоби ёзилади” (Имом Бухорий ривояти).

Қаранг, қандай саодат: меҳнат қилиб топилган ҳалол ризқда катта ажру савоб бор экан. Демак, бандадан ғайрат талаб этилади. Ҳам ризқ, ҳам ажр Яратганнинг Ўзидан. Аллоҳ таоло бизни шундай саодатдан бенасиб айламасин.

Руҳиддин АКБАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими