Яқинда бир йигит келиб, савобли иш ҳаракатида эканини маълум қилди. Суҳбатдошимизнинг марҳума оналари салкам қирқ йил ўрта мактабда дарс берган, касбига фидойилиги, ишбилармонлиги туфайли ҳамкасблари, минглаб шогирдлари орасида обрў-эътибор қозониб, дунёдан ўтган экан. Онахон ўғилларига мактаб кутубхонасини китоблар билан бойитиб туришни васият қилган эканлар. Камина бу гапдан хурсанд бўлиб, китоб эҳсон қилишнинг савобли иш эканини тушунтирдим.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Агар инсон вафот этса, ҳамма амали тўхтайди. Фақат ҳаётлик вақтида қилган учта амали: садақаи-жория (савоби етиб турувчи садақа), фойдали илм, солиҳ фарзанднинг дуо ва ибодатларининг савоби етиб туради” (Имом Бухорий).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир” (Ар-Раҳмон, 60), “...Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам одамларга эҳсон қил!” (Қасас, 77).

Қуръони каримда эҳсоннинг фазилати билан бирга эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб етадиган манфаатлар ҳам баён қилинади. Ҳақиқатан, бирор кишига нимадир эҳсон қилсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамликка эришасиз, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Энг асосийси, бу яхшилигингиз учун Аллоҳ таоло сизни мукофотлайди.

Айтайлик, бир дона китобни юзлаб, минглаб одамлар ўқиб, фойда олади. Яхши китоб инсонларни ақлан-маънан бойитади, дилини чароғон қилади, яхши амалларни бажаришга ундайди.

Марҳума онахоннинг васиятлари сабаб “Китоб дурдонаси” ўқув-услубияти вилоят филиали ҳамкорлигида туманлардаги ўнта умумтаълим мактаб кутубхоналарига китоблар эҳсон қилинди. 41 номдаги жами 460 дона китоб мактаблар мулкига айланди. Китоб тезда йўқоладиган нарса эмас, балки йилларга, асрларга татийдиган неъматдир. Ундан бир неча авлод фойдаланади.

Яхшиликнинг катта-кичиги, кўпу ози бўлмайди. Ким моли билан саховат кўрсатади, биров қўли билан, яна кимдир ширин сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто, йўлда ётган бир шохчани олиб ташлаш ҳам яхшиликдир.

Истиқлол бизнинг кўп қадим қадриятларимизни қайтарди. Сармоядор, тадбиркор юртдошларимиз моддий-маънавий ёрдамга ташна инсонларга ғамхўрлик қилиши азалий удумларимиздан. Айни пайтда динимиз, миллий минталитетимизга хос ана шундай савоб ишлардан ўзини четга тортаётган, қўша-қўша иморатлар тиклаб, энг сўнгги русумдаги машиналарни қаторлатиб қўяётганлар ҳам топилади.

Марҳума онанинг фарзандларига қилган васиятлари ўта савобли ва ибратлидир. Болаларини илм, маърифат йўлида эҳсон қилишга даъват этган онаизорнинг руҳлари ҳақига дуо қилмоқ бурчимиз.

Динимизда эҳсон, садақанинг турлари кўп. Эҳсон сўзининг “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маънолари ҳам бор. Айрим мўминлар эҳсон, садақа деганда зиёратгоҳларга тўп-тўп бўлиб бориб, қўй-қўчқор ва ҳатто, ҳўкиз сўйиб, овқат пишириб, еб-ичишни тушунишади. Буни катта дабдаба билан амалга ошириб, мақтаниб юришади ҳам.

Ҳолбуки, манманлик, ном қозониш учун яхшилик қилиш, савобли ишларини гапириб юриш риё бўлади. Риё билан қилинган амалнинг эса савоби бўлмайди. Шундай экан, ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб, охири хайрли ишларни холис бажаришга ўрганайлик.

 

Ҳасан Кенжаев,

Урганч шаҳар бош имоми