Сурат кишининг ташқи кўриниши – қадди-басти, юз қиёфаси, кийинишидир. Сийрат эса, бир сўз билан айтсак, унинг ички дунёсидир.

Кишининг кимлиги, асл моҳияти унинг сийратида яширин бўлади. Кишининг тили, одамлар билан муомаласи эса, бу яширин сирни ошкор этади. Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний ҳазратлари: “Сўз инсоннинг даража ва камолини, илм ва фазлини ўлчаб кўрсатадурган тарозидир”, дейди. Дарҳақиқат, сўз жами яратиқлар ичида фақат инсонгагина берилган баҳосиз неъмат. Ҳамма гап бу неъматдан қандай фойдаланишда.

Халқимизда: “Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон гап билан пичоқ қинидан”, деган ҳикмат бор. Яхши сўз душманни дўстга айлантириши, беморнинг дардига даво бўлиши, адашганни тўғри йўлга солиши мумкин. Яхши сўз, панд-насиҳат садақадан, қўлдан берилган моддий ёрдамдан ҳам устун. Аммо ўйламай айтилган биргина гап одамлар орасига раҳна солиши, нохуш оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. “Бошимизга тушадирган қаттиқ кулфатларнинг кўпи юмшоқ тилимиздан келади”, дейди Абдулла Авлоний. Дарҳақиқат, тилнинг суяги йўқ, унга эрк берсанг нималар демайди. Нақл қилишларича, Ҳусайн Бойқаро талабаларга сабоқ бераётган дўсти Алишер Навоийга яқин бориб, кўрсаткич бармоғи билан бошига ишора қилади. Алишер Навоий эса унга жавобан бармоғи билан тилига ишора қилади. Подшо “тушундим” дегандай бош ирғайди-да, ортига қайтади. Талабалар ажаб-ланиб Навоийдан сўрашади. “Бунинг жавоби оддий, – дейди шоир, – дўстим мендан бошга бало нимадан келади, деб сўради. Мен бўлсам, тилдан, деб жавоб бердим”, дейди.

Дарҳақиқат, халқимиз орасида тил ҳақида, тилдан чиқадиган сўз ҳақида айтилган бундай ривоятлар, мақолу иборалар кўп. “Олдин ўйла, кейин сўйла”, “Дилингдагига хожасан, тилингдан чиққанига қул”, “Жавобга ошиққан хатога йўл қўяр”, “Тилингни сақласанг омондир бошинг”, “Сўзнинг лаззати уни гапиришда эмас, балки эшитишдадир”... каби жуда қисқа, лекин маънога тўла ҳикматларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Донишмандлардан бири: “Сўзлашда тақво этиш, луқма ва таомдаги тақводан ортиқдир”, деган экан. Ростдан ҳам ўйлаб кўрилса, ҳалол луқма фақат кишининг ёлғиз ўзи учун манфаатлидир. Лекин сўз тақвосининг аҳамияти катта, кўлами кенг. Сўзи тақволи одам бировни ранжитмайди. Бўлар-бўлмасга “доно”лик қилиб, одамларни чалғитмайди. Илм аҳли сукутни афзал билишган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сукут сақламоқни ўзингга одат қил. Чунки сукут сақлаш шайтонни ҳайдайди ва динингни сақлашингга ёрдам беради”, деганлар. Бошқа ҳадисларида: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) дея марҳамат қиладилар.

Кўча-кўйда, транспорт ёки бозор жойларида кишилар, жумладан, ёш-яланглар ўзаро муомала-муносабатларда ишлатадиган сўзларни эшитиб дилинг оғрийди. Ёши улуғлар яхши эслайди, бундан бир неча ўн йиллар бурун оилаларда, жамоат жойларидаги суҳбат-гурунгларда шарқона лутф ҳозиргига нисбатан бирмунча устун бўлган. Эр-хотин бир-бирига “онаси”, “дадаси” дея мурожаат қилишган. Айрим хонадонларда, ҳатто болаларни ҳам сенсирашмаган. “Сиз-сиз”лаб гапиришган. Дакки бериш лозим бўлганда ҳам овозларини кўтаришмаган. Керакли ўгитлар майин овозда эҳтиёткорлик билан тушунтирилган. Қолаверса, панд-насиҳатдан кўра ота-онанинг бир-бирига нисбатан кўрсатишган юмшоқ муомаласи ғоятда ибратли тарбия вазифасини ўтаган. Бугунги кунда эса бундай манзарани (ҳамма оилаларда эмас, албатта) учратиш маҳол. Ёшларимиз гап-сўзлари қурама тиллар йиғиндисига айланиб бораётгани, бозор-ўчарлардаги айрим сотувчи аёлларимизнинг бир-бирларини эркакона “сийлашлари” одатий тусга кириб бораётгани сир эмас.

Тил кўнгил кўзгуси. Киши­нинг гап-сўзи, муомаласи унинг кимлиги ҳақида тасаввур беради. Тилида парҳез бўлмаган, номақбул сўзларга одатланган киши хайрли оқибат топмайди. Оиласидан тотувлик, барака кўтарилади. Қўни-қўшни, маҳалла-кўйда обрўсига путур етади. Одамлар ундан ўзларини тортадиган, уни четлаб ўтадиган бўлишади. Бундан сақланиш эса, кишини, албатта, яхшиликка, офиятга бошлайди.

Азимжон АЛИМЖОНОВ,

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби