Аллоҳ таоло барчаларимизни атрофимиздаги ҳар бир нарсадан ибратланишга, биз учун яратиб қўйган ҳисобсиз неъматлар учун шукрона айтишга буюрган.

“Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга тегишлидир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. Албатта, осмонлару Ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун аломат-далиллар бордир” (Оли Имрон, 189 – 190).

Еру осмонлар, улардаги бор мавжудотлар ҳақида фикр юритиб, мулоҳаза қилган киши барча ҳукмронлик фақат Аллоҳга тегишли экани, Унинг ҳамма нарсага қодирлигига тўла имон келтиради.

Ҳар бир мавжудотнинг беқиёс ва бетакрорлиги Яратувчининг буюк ҳикмати ва улуғ қудратию азаматига далолатдир. Аллоҳ яратган барча махлуқот ақл эгалари учун аломат ва ибратдир.

Аллоҳ таоло бизга шундай гўзал, жаннатмакон юртни Ватан қилиб берди. Бунда тўрт фасл тугал, мукаммал кечади. Инсонларнинг ер юзида ҳаёт кечиришлари, унда экин-тикин қилишлари, шаҳар-қишлоқлар қуришлари, бола-чақа қилишлари, Ер неъматларидан фойдаланишлари Яратганнинг улуғ фазли, буюк ҳикмати билан амалга ошади.

Атрофимиздаги наботот оламига бир ибрат назари билан қарайлик. Қандай ажиб ва бетакрор. Шайх Саъдий: “Дарахтларнинг кўм-кўк япроғи ҳар оқилга Худони танитадиган дафтардир”, дейди. Ёки бир дона буғдой донини олиб кўринг. Ана шу бир дона жимитгина донни эксангиз, ундан етти бошоқли майса униб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бўлади. Аллоҳнинг қудратини қаранг, у бир дона донни етти юз баравар кўпайтириб, бандаларига ризқ-рўз қилиб беради.

Коинотнинг қатъий ва мустаҳкам тартибида, табиат қонунларида, олам яралишининг гўзаллигида, теварагимиздаги ҳамма нарсаларда Аллоҳнинг тенгсиз қудрати ва чексиз ҳикмати яққол кўриниб турибди. Ҳаёт жозибаларида, товус патининг ранг-баранг товланишида, капалакларнинг чиройли қанотларию гулларнинг хушбўй ҳидида, булбуллар хонишию чақмоқнинг чақнашида, шамоллар шовқинию кишиларнинг фикр-амалларида, “коинот” дея аталмиш бу улуғ ва уйғун хилқатда юлдузлар ҳамда сайёраларнинг ўзаро боғлиқлигида Аллоҳ таолонинг буюк Холиқлиги, Мусаввирлиги, тенгсиз Қудрат, Ҳикмат эгаси экани яққол кўриниб турибди.

Демак, тафаккур қилиб, Аллоҳ таоло берган барча неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилишимиз керак. Бизлар чин имон ва ихлос билан яшасак, Аллоҳ таоло ризқимизга янада барака беради. Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. Инсон ҳар доим берилган неъматлар шукрини адо қилишга интилиши керак. Баъзилар қаноат қилмай, жонларини таҳликага қўйиб, бойлик илинжида, ноқунуний йўллар билан чет элларга кетади. Оқибатда, ўзини ҳам, оиласини ҳам кўп қийинчиликларга дучор этади. Айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга тафаккур, шукр, сабр-қаноат каби фазилатларни эгаллаш, илм-ҳунар ўрганиш сув ва ҳаводай зарур. Қалб кўзи очиқ, касб-ҳунарли одам ҳеч қачон бировга қарам бўлиб қолмайди.

Абдулҳамид ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими мудири