Айримлар: “Дуо қилаверамиз, бирортасининг қабул бўлганини сезмадик!” деб ёзғиришади.

Ахир, қонун-қоидасига мувофиқ ёзилмаган оддий ариза ҳам қабул қилинмас экан, шартларига риоя этилмаган дуо қандай қабул бўлсин?! Ёшланмаган кўз, қизармаган юз, қалбдан чиқмаган минг бир сўз билан қилинган дуолар қандай ҳам ижобат бўлсин ҳузури Илоҳийда?

Кўпчилик одамларнинг дуолари худди мактубсиз хатжилдга ўхшайди. Жилди бор-у, ичида хат йўқ. Буни бошқачасига ифодаласак, жасад бор-у, руҳ йўқ, пўсти бор-у, мағзи йўқ, ниқоб бор-у, юз йўқ.

Оддий бандадан бирор нарса сўрашнинг ўзига хос йўли, одоби бўлгани ҳолда, оламлар Парвардигоридан сўрашнинг одоби бўлмасинми? Дуо инсоннинг ўз ожизлигини эътироф этишидир.

Дуо агар илоҳий нусрат бўлмаса, одамнинг ўзи, ҳеч нарса қилолмаслигини билишидир.

Дуо банданинг борлиғи битта юракка айланиб, илоҳий Даргоҳга юкунишидир.

Дуо бор кучини, бутун имкониятини ишга солиб ҳам мақсадига етолмаслигини билган одамнинг Парвардигоридан мадад сўраб, қилган нидосидир.

Буни тушунган одам, бола онасидан бир нимани қатъий туриб сўраганидек, қатъият билан дуо қилади. Илоҳий Даргоҳга қўл чўзиб, худди Фотиҳа сурасини ҳар куни ўн марта ўқигани каби қайта-қайта илтижо этди...

Шунда метин қалблар ҳам юмшайди, тошдан сув сизгани каби, улардан ожизлик “оҳ”лари сизиб, юксалади. Ҳеч кутмаган жойингиздан Эгам нажот эшикларини очади. Шоир айтганидек:

Сур, чиқар ағёрни дилдан, Ҳақ тажаллий айласин,

Подишоҳ кирмас саройга хона маъмур ўлмаса.

Ҳирсу ҳавас денгизига ғарқ бўлган, дунё матоларига муҳаббатни ўзига жо қилган юракка назар қилармикин У?

Тоиф сафаридан қайтар эканлар Муҳаммад пайғамбаримиз режалари пучга чиқиб, иложсиз қолганларида, гумроҳлар отган тошлардан покиза вужудлари қонга беланиб, ҳориб-чарчаб, бир девор панасига чўкдилар. Ақлнинг чораси қолмаган пайтда, камситилган, ҳорғин ва ғамнок ҳолда муҳаббатуллоҳнинг мушфиқ бағрига ташладилар ўзларини. Кейин муборак дудоқлардан пайғамбарлик даврининг бурилиш нуқтаси бўлган дуо отилиб чиқди:

“Илоҳим! Мадорим тугаганини, чорасиз қолганимни ва одамлар орасида хор бўлганимни фақат Ўзингга арз қилурман... Эй раҳмлиларнинг энг марҳаматлиси! Сен менинг Парвардигоримсан, эзилганларнинг мададкорисан. Мени кимларнинг ихтиёрига ташлаб қўйдинг? Менга ғаддорлик қилганларнинг қўлигами?..

...Майли, Сен мендан ғазабланмасанг бўлгани, бошқасига парво қилмайман. Аммо марҳаматингдан умидворман. Сенинг нурингга юкунаман, зулматларни ёритгувчи нурингга...

Менга ғазабинг етмаслиги ва қаҳринг тушмаслигини сўрайман. Сенга сиғинаман, мендан рози бўлсанг, бас. Барча куч-қудрат Сендадир, ёлғиз Ўзингда!..” (Ибн Ҳишом, “Сийра”).

Содиқ НОСИР