Қуръони каримда баён қилинади: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хокисор (бўйсунувчи) қилиб қўйган Зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк, 15).

Ялқовлик кишини тамагир қилиб қўяди. Ҳадисларда тамагир кимсаларга Аллоҳ таоло камбағаллик эшигини очиши айтилган. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Сизлардан бирингизнинг бир боғлам ўтин ёриб орқасига олмоқлиги кишидан сўрашидан яхшироқдир. У сўровчига беради ёки уни ман қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрат Навоий айтади:

Қилма Навоий, тамаъ элдин дирам,

Бор эса, берсанг худ эрур ул карам.

Ҳазрат Сулаймон (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога бундай муножот қилганлар: “Ё Аллоҳ, менга олдингиларга насиб этмаган нарсани бердинг. Шукрингга ожиз қолсам, мендан ҳам шокирроқ бандангни кўрсат!” Шунда Аллоҳ азза ва жалла: “Эй Сулаймон, касби билан очлигини кетказган ва авратини ёпган ҳамда менга ибодат қилган бандам сендан кўра шокирроқдир”, дейди. Сулаймон (алайҳиссалом): “Парвардигоро, менга бир касб ато эт”, дея илтижо қилади. Жаброил (алайҳиссалом) келиб Пайғамбарга хурмо дарахтларига ишлов беришни ўргатадилар”.

Тежамкор, исроф қилишдан қўрқадиган, фаросатли мўмин нафақат ўзи, яқинлари, балки бошқаларни ҳам ҳалол меҳнат қилишга ундайди. Чунки пешона тери, ҳалол меҳнати билан касб қилган ҳунарманд мўминни Аллоҳ таоло яхши кўради. Ҳар бир инсон оила тебратиш, фарзандларини одобли, ҳаёли ва илмли қилиб вояга етказиш учун ҳалол меҳнат қилиши айни савобдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Киши ўз қўли билан ишлаб топиб еганичалик яхшироқ таом емайди...”

Қинғир йўллар билан текин даромад излаш, бировларнинг қўлидаги мулкка кўз тикиш ёмондир. Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари бундай ёзади: “Тамаъ бўйи кўринмай бўйидан қоч. Тамаъ нониға лаб очгунча ўл оч”. Яъни, таманинг ҳиди, шарпаси кўринмасидан туриб, сен ундан узоқ бўлгин, қочгин. Ҳолбуки, тамагирлик қилиб нон еганингдан кўра, очликдан ўлганинг яхшидир.

Афсус, баъзилар тезда бойиб кетиш илинжида шам атрофида айланган ҳашарот каби ўзини ўтга-чўққа уради. Натижада бировни алдайди ёки ўзи алданиб қолади. Ҳолбуки, ризқ Аллоҳдан эканига имон келтирган банда хотиржам бўлиши керак. Чунки бандасидан эмас, Яратгандан сўраш, ҳалол касб қилиш энг улуғ фазилатдир. Аллоҳ таоло ҳеч кимни ҳақ йўлдан адаштирмасин!

 

Акмалхон НИЗОМОВ,

Шаҳрисабз шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом ноиби