Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!.” (Зумар, 9.) Илм эгасининг фазилати ана шундай буюк. Бундай юксак даражага эса заҳматлар чекиш билан эришилади. Бу ҳақида уламолар шундай дейишган: “Илмга барча нарсангни бермагунингча, у сенга ҳеч нарсасини бермайди”. Яъни инсон илм ўрганишни истаса, фидойилик қилиши, қанчадан-қанча машаққатларни зиммасига олиши керак. Шундагина илм соҳибига айланади, юксак даражаларга эришади. Бу мақсадга етиш учун ҳар қанча заҳмат чексак арзийди. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Илм кўтарилмасидан уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, кишилар (Қиёмат кунида) олимларга берилган даражаларни кўриб: “Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса”, деб орзу қиладилар”. Яъни, инсон бу дунёда қадр топишни, охират диёрида савоблар ва баланд мартабаларга кўтарилишни истаса, илм олиши лозим.

 

Фотима ЗУПАРОВА