Бизни ўраб турган коинот, таъбир жоиз бўлса, бошдан-оёқ ҳикмат ва ибратлар кўргазмасидир. Еру кўкни кўнгил кўзи билан сайр этсак, керакли сабоқларни оламиз.

Битта дарахт ё қуш, бир кийик ёки ари, оёғимиз остидаги тупроқ ёхуд оламни ёритган қуёш, бағридан ёмғирлар сочган осмоннинг бизга айтаётганларини, вақти келса, катта-катта китоблар тушунтиролмайди. Уларни кўнгли билан ўқий олган, қалби билан эшитганлар кўплаб ҳикматлар топади. Яъни, коинот қалб кўзи очиқларга жўмардликни шу қадар нозик тушунтирадики, бошқа насиҳатга ҳожат қолмайди.

Коинотнинг энг кичик заррасигача ибрат нигоҳи билан боқа олганлар илоҳий тажаллилар ва сирлар хазинасини кашф эта бошлайди. Аллоҳ таоло бу асрор ганжинасини чексиз илоҳий қудратини тафаккур қилишимиз ва “ҳеч”лигимизни идрок этишимиз учун яратган. Илк амр бўлган “Ўқи!” ифодаси мазкур ҳақиқатни ҳам ўз ичига олади. Чунки қалбий ўқишдан ҳосил бўлган фикрлаш сабаб инсон яратилиши ҳикматини яна-да чуқур англайди. Тавозели банда ҳолига келади. Зеро, инсон ожизлигини идрок этсагина Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис қилади.

Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: “(У) етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдир. (Эй инсон!) Раҳмоннинг яратишида бирор тафовутни (нуқсонни) кўрмайсан. Бас, кўзингни яна (самога) қайтаргин-чи, (унда) бирор ёриқни кўрармикансан? Сўнгра кўзингни қайта-қайта (самога) қарат, кўзинг сенга хор ва толиққан ҳолда қайтур” (Мулк, 3 – 4). Чиндан ҳам, кўкдаги сон-саноқсиз юлдузлар, ой, қуёшнинг неча йиллар давомида заррача ўзгармаган тартибдаги ҳаракати; таъми, ҳиди, ранги турли бўлган ҳисобсиз мева ва гиёҳ, гулларни етиштирган тупроқ, сув – муаззам қудрат тажаллиси, илоҳий санъат ажойиботлари. Улар ҳар он бандани мулоҳазага чақиради. Бироқ одамзод ғофиллиги сабаб бу ғаройибликларни сезмайди, истифода қилолмайди. Ваҳоланки, уларни англаш учун фикрлаш керак. Зеро, тафаккур ихлос ва тақвони янгилайдиган ягона омилдир.

Тафаккур аҳли учун борлиқ дарсхона вазифасини ўтайди. Ҳеч қаерда ўқимаган, энг оми одам ҳам бу дарсхонада ҳаётни ва ҳодисаларни атрофлича ўрганиш, ҳикмат ва ҳақиқатлардан улуш олиш имконига эга. Фикр эгасига ҳар япроқ, ҳар гул ва ҳар мева бутун бошли китоб бўлиши мумкин. Саъдий Шерозий айтади: “Комил инсонлар учун дарахтдаги биттагина япроқ маърифатуллоҳни англатган девондир. Ғофиллар учун эса бутун дарахтлар битта япроқча ҳам эмас”.

Қисқаси, борлиқдаги ҳисобсиз яратиқлар ўз тилларида орифларга неча сирларни очади. Зотан, бутун олам инсонга шу ва шу каби хизматлар учун яратилган. Одамзод ана шу сирларни тафаккур қилиш жараёнида ички оламини бошқаларга фойда келтирадиган хазина ҳолига келтириши зарур. Яна-да тўғриси, баракот ва раҳмат пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафонинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нурли йўлларига чоғланганлар тоза ва шаффоф сув каби шифобахш, роҳат берувчи, яшнатувчи бўлиши керак.

Мавлоно Румий ёзади: “Сув ер юзидаги муҳтожларни, етимларни озиқлантиради, ташналарга ҳаёт бахш этади. Лекин кирланиб кетгач, ўзидан ҳузурсизланади. Фарёд қилади: “Раббим! Сен менга нима берган бўлсанг, ҳаммасини тарқатиб тугатдим, йўқсил ҳолга тушдим. Сармоямни, қўлимда борини яхшига ҳам бердим, ёмонга ҳам... Эй мулки чексиз Подшоҳ, менга бундан ҳам ортиғини насиб қил!” Шунда Аллоҳ таоло булутга буюради: “Уни авайлаб яхши жойга олиб бор”. Кейин қуёшга амр қилади: “Тезда уни ҳароратинг билан кўкка кўтар!” Шу тарзда турли йўлларни босиб ўтиб, мусаффо ҳолга келгач, гоҳ ёмғир, гоҳ қор, гоҳида эса дўл ҳолатида ер юзига ёғдиради. Ниҳоят, сарҳади кўринмайдиган, поёнсиз денгизларгача етказади”.

Бу табиий ҳодиса орқали Мавлоно қуйидаги маънони ифода қилади: “Сувлар самода покланганидек, сен ҳам Аллоҳ таолога яқинлашиб, бутун кирлардан тоза бўл. Ёмғирга айлан, раҳмат ва баракот соч!”

Демоқчи бўлганимиз, инсоннинг асли тоза, ундаги доғлар гуноҳлардан кейин пайдо бўлади. Аммо инсон фитратидаги софлик – аслий нарса. Агар банда ўзлигини англаб, хатоларидан пушаймон бўлиб, кўзида ёш билан Аллоҳ таолодан мағфират сўраб, покланишга ҳаракат қилса, кундан-кун тараққий топади. Маънавий софлик ва камолотга эришади. Бу мақомга чиққач, Аллоҳ таолонинг изни ила инсонларнинг кўнглига баракот улаша бошлайди. Кишиларнинг ислоҳи ва камоли учун хизмат қиладиган раҳмат ва ҳидоят манбаига айланади.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.