Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир” (Саф, 2 – 3).

Ваъз-насиҳат, ибратли қисса ва ўгитларни айтиш осон. Аммо сўз айтиш масъулияти каттадир. Бу риё ва манманликка, ўзини кўрсатиш воситасига айланиб қолмаслиги лозим.

Ибн Асир (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Гердайиб, бошқаларни менсимай, кибру ҳаво билан юрган кимса бирон кишига ўгит беролмайди”.

Имоми Аъзамнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) устози Имом Иброҳим Нахаъий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Қуръони каримдаги бу оятлар мени ваъзу насиҳат қилиш курсисига ўтиришдан қайтарди:

“Одамларни яхшиликка буюрган ҳолда, ўзингизни унутасизми!?” (Бақара, 44).

“Эй имон келтирганлар! Нима учун қилмаган ишингизни айтасиз?!” (Саф, 2) (Имом Қуртубий тафсири, 18/72).

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтади:

– Эй илм эгалари, илмингизга амал қилинг! Аслида, илмига амал қилган киши олим бўлади. Унинг амали илмига мувофиқ бўлади. Тез орада шундай илм эгалари зоҳир бўлишадики, уларнинг илмлари ҳалқумидан нарига ўтмайди. Шу пайтда одамлар ҳатто илм мажлисига қўшиламан деган кишидан ҳам ғазабланишади (“Ал адаб аш шаръийя”, 53/2).

Ҳазрат Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: “Жаҳолат, яъни илмсизликнинг уч белгиси бор: манманлик, кўп гапириш, бир нарсадан қайтариб, уни ўзи қилишидир” (“Жомеъ баён ал илми ва фазлиҳи”, 143/1).

Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш савоблидир. Бироқ айтаётганларимизга ўзимиз ҳам амал қилишимиз янада катта савобдир. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг олим бандаларидан қилсин.

Зокиржон ШАРИПОВ,

Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби