Омонатдорликнинг маъноси киши зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифага масъулият билан ёндашиш, бу борада Аллоҳнинг олдида жавобгарликни ҳис этишдир. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Барчангиз раҳбарсиз ва барча­нгиз раъиятга (қўл остингиздагиларга) масъулсиз. Имом ўз қавмига масъул. Эркак киши ўз оиласига масъул. Аёл киши эрининг уйига ва фарзандларига масъул. Хизматкор хўжайинининг молига ва унга топширилган нарсаларга масъул” (Имом Бухорий ривояти) деган ҳадиси шарифларида ҳам шу таъкид­ланади.

Бир одам иккинчисига ишонгани учун ўз пули ёки қимматбаҳо нарсасини омонатга қўяди. Агар омонатни олган шахс бу нарсани яхши сақлаб, уни эгасига камчиликсиз қайтарса, омонатни адо этган бўлади. Акс ҳолда у хиёнаткордир. Шу маънода оиламиз ҳам, жуфтимиз ҳам омонат! Энг буюк Омонатдор бизга ишониб топширган. Уларни асраб-авайлашимиз лозим. Акс ҳолда...

Эркакнинг аҳли аёли олдидаги масъулият ва бурч­лари: маҳр бериш, нафақа озиқ-овқат, ки­йим-кечак, уй-жой ва рўзғор анжомлари билан таъминлаш, яхши муомала қилиш, озор бермаслик ва сабр-қаноатли бўлиш. Ҳадиси шарифда Ҳаким ибн Муовия Қушайрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), хотинларимизнинг зиммамиздаги ҳақи нима?» дедим. Шунда у зот: “Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан, қачон кийим кийсанг (ёки мол касб қилсанг), уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан. Ҳақоратламайсан ва уйдан бошқа жойга ҳижрон қилмайсан”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Насоий ривояти).

Шу билан бирга, эрининг топ­ганига сабр қилиш, ҳар қандай ҳолатда унинг ҳурматини жойига қўйиш, уй-жойидаги озодаликни сақлаб, мол-мулкини ўз ўрнида сарфлаш, ҳар бир ишида эрига итоатли бўлиш, фарзандларига яхши таълим-тарбия бериш аёлнинг бурчларидир.

Ана шу бурч ва мажбуриятлар тўлиқ бажарилгандагина омонатдорлик ўрнига қўйилган ҳисобланади. Бироқ бугун баъзи эркак ва аёллар ўзлари масъул бўлган ишларни унутаёздилар. Аниқроғи, бир-бирларига омонатдорлик нуқтаи назаридан қарамайдилар. Афсус шундаки, уларнинг ҳар иккови ҳам ўзини жабрдийда санайди. Бири ўз вазифаларини бажарганини миннат қилади, бошқаси бажарилмай қолиб кетаётган ишлардан норози... Бири ўз ҳуқуқлари “топталганини” ҳаммага эълон қилади, бошқаси жуфтининг итоатсизлиги учун жазо беришни истайди... Шу тариқа оилада осойишталик, унинг аъзоларида ҳаловат йўқ.

Аслида, эр хотинига, хотин эса эрига бир омонат.

Омонатдорлик ҳисси йўқ киши имони мукаммал бўлмаслиги ҳадиси шарифларда баён этилган. Қуръони каримда омонатдорлик мўминнинг энг асосий сифатларидан экани таъкидланган: "Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғланган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар" (Муъминун, 8).

 

Нигора МИРЗАЕВА