Тил неъматлар ичида энг улуғидир. Шу боис унинг шукрини адо қилиш масъулияти ҳам катта бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўзни гапирсин, бўлмаса жим турсин” (Имом Бухорий ривояти).

Инсоннинг таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи сўзида ўз аксини топади. Шунинг учун халқимиз тилга жиддий эътибор беради. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билик” асарида айтади:

 

Зеҳнлини кўрдим, у оз сўзлади,

Талай сўзладим, деб ўкинди бироқ.

 

Ҳакимларнинг айтишича, тил ҳар бир ақл соҳибининг фазилат хазинаси калитидир. Киши билими унинг сўзларидан маълум бўлади.

Муҳаммад ибн Исо айтади: “Ҳар бир нарсанинг кўпи фойда келтиради. Аммо гапнинг кўпи зарардир”.

Кераксиз ва ноўрин сўзлаш инсоннинг маънавий қашшоқлигидан дарак беради.

Иброҳим ибн Ашъас айтади: “Фузайл ибн Иёзнинг бундай деганларини эшитдим: Икки нарса қалбни қорайтиради; кўп гапириш ва кўп ейиш”.

Луқмони Ҳаким айтади: “Камгаплик ва сукут инсон учун тақинчоқсиз зийнат, девори йўқ қалъа ва айбларни беркитувчи ёпинчиқдир”.

Соғлом ва комил авлодни тарбиялаб, вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги муҳим вазифадир. Фарзандларимизни юксак маънавиятли, ширинсўзли, ватанпарвар қилиб тарбияласак, юрт ободлиги ва тараққиёти янада юксалади. Яратганнинг ўзи барчамизни хушхулқ, ширинсухан бандаларидан қилсин.

 

Исомиддин АҲРОРОВ,

Тошкент шаҳар “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби