Кексалик – инсон умрининг сокин давридир. Чунки одам кексайганида катта ҳаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади. Шундай пайтда уларнинг кўмаги ва маслаҳатига ёшлар доимо эҳтиёж сезади. Зеро, ёш авлод меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли бўлиб вояга етишишида кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибалари муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳаётини мевали дарахтга қиёслашади. Чунки у бир мавсумнинг ўзида ҳисобсиз куртаклар тугиши, гуллаши, мўл ҳосил бериши мумкин. Кексалик эса худди мевалари етилган боққа ўхшайди. Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?” “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб берди у киши.

Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Буларнинг барчаси юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан, уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншоаллоҳ, юртимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди”(Имом Байҳақий).

Ота-оналар барча яхшиликларни биринчи навбатда фарзандларига раво кўришини яхши биламиз. Бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлишимиз, айтганларини бажаришимиз, қисқаси, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туришимиз лозим. Адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақозо этади. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти, фақат эҳсон (эзгулик)дир”. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сочи оқарган мўйсафидни ҳурматлаш – Аллоҳни улуғлаш кабидир”, деганлар (Абу Довуд).

Инсон дунёга келганда жуда заиф ва нимжон бўлади. Аста-секин катта бўлиб, қувватга тўлади. Йиллар ўтиб кексайган сари яна қуввати кетиб, заиф бўлиб қолади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарса (бир томчи сув)дан яратди, сўнгра (сизларга)заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо)қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир” (Рум, 54).

Бу дунёда инсонни қилган амаллари, эккан дарахтлари, вояга етказган фарзандлари, тарбиялаган шогирдлари улуғлайди. Инсон дунёга келиб, умргузаронлик қилади, ўсади, улғаяди. Кечаги гўдак, бугун йигит. Вақт ўтиши билан ёшлик ҳам тарк этади, бизни. Зеро, бу ҳаёт қонунидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар: “Одамларнинг яхшиси узоқ умр кўриб, шу умрини яхши амал билан ўтказганидир” (Имом Аҳмад ва Термизий).

Инсон кексайгач, кўнгли нозик бўлиб қолади. Унча-мунча гап ва муомала ёқавермайди. Ана шундай ҳолда фарзанд уларга “уф” деган сўз билан ҳам эътироз билдириши мумкин эмас. Чунки ота-она ўз боласини тарбия қилиш ва парваришлаш вақтида ҳар қанча машаққат бўлса ҳам сабр қилган ва унга меҳр билан муомалада бўлган. Фарзанд гўдаклик пайтида ота-онага қанчалик муҳтож бўлса, улар ҳам кексайганда болаларига шунчалик муҳтож бўлади. Шу боис ҳам ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматини бажариш Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги энг хайрли амалдир.

Кексаликнинг муайян мушкулотлари, мураккабликлари бор. Беморлик, кўз хиралашиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиш, аввалги завқ-шавқларнинг сусайиши, йўллар эса олис бўлиб қолиши шулар жумласидандир. Лекин қарилик палласида кишилар ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқадилар. Сўзлар салмоқли, нигоҳлар вазминлик касб этади. Ҳаётда кўп тажриба орттирган кишиларгина ювош ва мулойим бўлиб қоладилар. Бир ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмайди: имон-эътиқодли қариялар бўлмаган жойда яхши тарбияли ёшлар ҳам бўлмайди.

Собиржон АРЗИҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими