Ёшимиз улғайган сари Аллоҳ томонидан кўплаб яхшиликлар ато этилиши ҳадисларда айтилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон кишининг ёши улғайгани сари унга яхшиликлар ато этилаверади”, деганлар.

Лекин умр оқар дарё эканлигини ҳам сира унутмаслигимиз керак. Унинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, бу синов дунёсида кўплаб хайрли амалларни қилиб қолмоғимиз лозим.

Инсон қалбидаги ният Ислом динида муҳим ўрин тутади. Шу боис, қилинаётган ҳар бир амалда ният фақат Аллоҳнинг ризолиги учун, холис бўлиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло банданинг зоҳирига эмас, қалбига қарайди. Кимнинг қалби тоза ва тўғри бўлса, бутун вужуди ҳам покиза. Аксинча, қалб бузилса, бутун вужуд маънан жароҳатланади. Буни қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди.

“Кимки ўз ичини (қалбини) ислоҳ қилса, Аллоҳ таоло унинг зоҳирини ҳам ислоҳ қилиб қўяди”.

Қалб жуда нозик бўлиб, у тез ўзгарувчандир. Ҳадисда: “Инсоннинг қалби бамисоли саҳродаги бир қуш қанотининг шамол гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ағдариб турадиган пати кабидир”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

“Одам боласининг қалби қозон қайнаган вақтдагидан ҳам кўра ўзгарувчанроқдир”.

Ана шундай ўзгарувчан қалбни турли шайтоний васвасалардан эҳтиёт қилиш лозим. Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир қалбни ҳам худди ойнинг юзини булут қоплаганидек парда қоплаши мумкин. Ой атрофни ёритиб турганида тўсатдан булут келиб уни беркитиб қўйса – қоронғилик, булут кўтарилса – ёруғлик бўлади”. Инсон бирор амални қилаётганида ниятига риё аралашса, бутун амали зое бўлади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ниятни холис қилиши лозим. Шунда амал билан эришолмаган савобларни ният билан қўлга киритади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

“Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир. Мунофиқнинг амали ниятидан яхшироқдир. Ҳар ким ўз ниятига қараб иш тутади. Мўмин киши қачон бирон эзгу иш қилса, қалбига нур ёғилади”.

Дарҳақиқат, мўминнинг қалбида жуда кўп яхши амалларни қилишга ният ва истак бор. Лекин уни бажариш учун имкон бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун мўминнинг қалбидаги нияти қилаётган амалидан кўра яхшироқдир. Аксинча, мунофиқ кишининг қалбида жуда кўп ёмонликларни қилишга ният ва хоҳиш бор. Лекин уни рўёбга чиқаришга имкон топа олмайди. Шунинг учун нияти амалидан ёмонроқдир.

Ният амалдан ҳам муҳимроқ эканига қуйидагилар ҳам далолат қилади:           

Бир хил тоифа инсонлар борки, уларга Аллоҳ таоло илм ва мол-дунё ато этган. Улар молни илм асосида тўғри ишлатиб, яхши амаллар қилади. Иккинчи хил инсонлар борки, уларга бу нарсалар берилмаган. Лекин улар: “Агар Аллоҳ таоло ўшаларга берган нарсалардан менга ҳам ато қилганида эди, мен ҳам улар каби яхши амаллар қилган бўлардим”, дейди. Бу икки тоифа одамлар савобда баробардирлар. Бошқа бир тоифа одамлар борки, Аллоҳ таоло уларга мол-дунё ато этган, лекин илм бермаган. Улар жоҳилликлари сабабли молларни беҳуда совуриб юборадилар. Бошқа бир одамлар эса: “Агар Аллоҳ таоло менга ҳам унга берилгани каби нарсаларни ато этса эди, мен ҳам улар қилган ишларни қилар эдим”, дейди. Ушбу икки тоифа инсонлар гуноҳда баробардирлар.

Инсон яхшиликни ният қилса, Аллоҳ таоло унга мададкор бўлади. Масалан, оилада эр ва хотин ҳар бир амалида ва барча муомалаларида оиланинг тинчлиги ва ислоҳини ният қилсалар, Аллоҳ уларни шунга эриштиради. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:

“Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиради”.

Бўйнида қарзи бор одам, қалбида шу қарзни адо этиш ва бировнинг ҳақини зиммасидан соқит қилиш ниятида бўлса, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

“Қайси бир банданинг бўйнида қарзи бўлиб, нияти уни узишлик бўлса, Аллоҳ таоло унга ўз ёрдамини кўрсатади”.

Ушбу қоидани барча амалларга татбиқ этиш мумкин. Ибодатда, тақвода, сабрда ва бошқа ишларда ҳам қалбдаги ниятга қараб, Аллоҳнинг ёрдами етиб туради. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, инсон қандай амал қилмасин, унинг нияти Аллоҳнинг розилигини топиш бўлса, амали мақбул бўлади, иншоаллоҳ.

Инсон ғазабланганида ғазабини ичига ютса, лекин бу ишни одамлардан қўрққани ёки уялгани учун эмас, аксинча, Аллоҳнинг ризосини топиш ниятида қилса, албатта, савоб олади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:

“Ичга ютиладиган нарсалардан Аллоҳ таолонинг наздида энг савоби кўпроғи банда ғазабланган вақтда Аллоҳдан савоб умидида ўз ғазабини ичига ютишидир”.

Аксинча, бир ишни қилишда банданинг нияти ёмонлик бўлса, у ҳеч қачон мақсадига эришолмайди. Мол-дунёсини кўпайтириш ниятида ҳаром бўлган судхўрлик йўлини танласа, моли кўпаймайди, кўпайса ҳам, унинг баракаси бўлмайди.

Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон киши учун фарздир. Бунда ният Аллоҳнинг ризосини топиш, ҳидоятга эришиш ва одамларга манфаат етказиш бўлса, нур устига аъло нурдир. Аксинча, илм олишдан мақсад риё ва манманлик бўлса, оқибати ёмондир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

“Кимки илмни уламолар олдида фахрланиш, нодонлар билан баҳслашиш ёки одамларнинг диққатини ўзига тортиш мақсадида ўрганса, унинг жойи жаҳаннамдир”.

Инсоннинг охиратдаги ҳолати кўп жиҳатдан амал қилаётган вақтидаги ниятига боғлиқ бўлади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) шунга ишора қилиб: “Жаннат аҳллари жаннатда, дўзах аҳллари дўзахда доим қолишлари фақатгина ниятлари сабаблидир”, деганлар.

Улуғлардан баъзилари: “Қанчадан-қанча кичик амаллар борки, ният уларни катталаштириб юборади. Кўплаб катта амаллар борки, ният уларни кичрайтириб юборади”, дер эдилар. Дарҳақиқат, холис ният билан қилинган озгина амал Аллоҳ розилиги йўлида қилинган заррача эҳсон билан бир неча йиллик ибодат савобини қозониш мумкин. Обрў орттириш, инсонларга яхши кўриниш учун қилинган ишлар эса риёдир.

 

Ҳомид БАҲРОМ

(2003 йил, 1-сон)