Динимизда тинч-фаровон яшаш, дунё ва охиратда саодатга эришиш йўл-йўриқлари кўрсатиб берилган. Жумладан, қариндош-уруғлар билан яхши алоқада бўлиш ва уларни қўллаб-қувватлашга ундайди: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради...” (Наҳл, 20).

Бир одам Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўради: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳга ибодат қиласан, У Зотга ширк келтирмайсан, намозни адо этасан, закотни берасан ва силаи раҳм қиласан” (Имом Бухорий ривояти).

Имом Нававий бундай таърифлайди: “Силаи раҳм инсоннинг имкониятларидан ва муҳтожнинг ҳолатидан келиб чиқиб, қариндошлар ўртасида бири иккинчисига эҳсон-ёрдам қилишидир. Бундай ёрдам хизмат қилиш, зиёрат этиш каби моддий ва маънавий кўринишларда бўлиши мумкин”.

Ҳадисда силаи раҳм Исломнинг асосий амаллари қаторида саналганидан ҳам динимизда қариндошлик алоқаларини боғлашга нечоғли аҳамият берилганини билиб оламиз. Ҳар бир мўмин-мусулмон қариндош-уруғ билан алоқаларини яхшилаши, улар ҳолидан хабар олиб туриш керак. Ҳадисда: “Ким риз­қи кенг ҳамда умри узун бўлишини истаса, қариндошлари билан борди-келди қилсин”, де­йилган (Муттафақун алайҳ).

Силаи раҳм қариндошлар ўртасида меҳр-муҳаббат пайдо қилади. Кўнгилларга севги, хонадонларга файзу барака киришига, жамиятда ҳам тинчлик, фаровонлик ҳукм суришига сабаб бўлади.

Силаи раҳм, ҳадиси шарифда айтилганидек, жаннатга яқинлаштиради. Вафотидан сўнг ҳам “Фалончи менга яхшилик қилган, касал бўлганимда кўргани келган, қийналганимда ёрдам берган” сингари яхши сўзлар билан эсланишига сабаб бўлади.

Силаи раҳмнинг энг олий даражаси ёмонлик қилган қариндошлар билан ҳам алоқани узмасликдир. Чунки яхшиликка яхшилик қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келади, аммо ёмонликка яхшилик билан жавоб беришни ҳамма ҳам уддалаёлмайди. Зотан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр Ғифорийга (розийаллоҳу анҳу) қилган васиятларида ёмонлик қилган қариндошлар билан алоқа боғлашни буюрганлар.

 

Санжарбек ҚОСИМОВ,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси