Кечиримлилик Қуръони карим оятларида, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида кўп мақталган.

“Албатта, ким (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир “ (Шўро, 43);

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ муомала билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур” (Фуссилат, 34-35).

Одам боласи камчилик ва хатодан холи эмас. Агар бизга ёмонлик қилганни кечирмасак, ўзимизга ҳам келажакда кечирим бўлмай қолиши мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ривоят қилинишича, бир аъробий Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқаларидан чопонларини қаттиқ тортиб, Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер, дейди қўполлик билан. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг муомаласидан ғазабланмайдилар, кулиб қўядилар ва унга бирор нарса бериб юборишни тайинлайдилар.

Сўфи Оллоёр айтади:

 

Отанг ердур, сен ҳам ердек қилиқ қил.

Ёмонлик айлаганга яхшилик қил.

 

Зотан, ёмонликка жавобан яхшилик қилиш ёмонга энг чиройли сабоқдир. Бунинг учун мустаҳкам имон, мардлик керак. Баъзан биз ёмон деб билган одамларимиздан узоқроқ юришга интиламиз. Агар улардан бизга бирор азият етса, ўч олиш пайида бўламиз. Бу билан ўзимиз ҳам ўша ёмонлар сафида бўлиб қолишимизни ўйламаймиз.

Аксинча, мусулмонга ярашиқлиси уларга нисбатан сабр-тоқатли, оғир-босиқ, кечиримли бўлишдир. Кечиримлиликда Аллоҳ розилиги, ояти каримада айтилганидек, улуғ насибаларга эришиш саодати бор.

 

Хайрулло ТОҒАЕВ,

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби