Бир танишим: “Негадир менда ибодатларга мойиллик йўқ. Улар нимага менга қийин туюлади?” деб сўраб қолди. Ҳар бир ишга, жумладан, ибодат қилишга ҳам умид ва мақсад туртки бўлади. Мусулмон охират ҳаётига ишонган кишидир. У жаннат неъматларига етишни, Яратганнинг жамолини кўришни истайди.

Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунади. Бу билан дунё ва охират саодатига эришади. Киши Аллоҳ таолонинг буйруқларига қанчалик амал қилса, шунча юксалади.

Инсонга дўстлари, ёру биродарлари ва кўп вақтини ўтказадиган муҳити таъсир қилади.

Ўзим саксон ёшдаман. Ҳали ҳам маънавий ҳаётимга фойдаси тегадиган одамлар ҳузурига бориб тураман. Чунки ҳар доим ҳам фиқҳ, тафсир, ҳадис китобларини ўқий олмаймиз.

Кексаман, ҳолим қурийди, аммо ибодатларимни тарк этмайман. Буни Аллоҳ таолонинг лутфидан деб биламан. Чунки ўзига қийин туюлиб намоз ўқиган киши намозни Аллоҳ таоло розилиги учун (ихлос билан) ўқиган бўлади. Ихлос амални Аллоҳ таоло розилигини истаб қилишдир.

Ҳар бир намозимизни шу охиргиси бўлиб қолиши мумкин, деган туйғу билан адо этсак, намоз бизга оғир келмайди.

Қабристон ёнидан ўтсак, гўё бундай овоз келади: “Дунёда ҳеч ким абадий қолмаган. Шу жумладан, сен ҳам бир куни бу ерга келасан”, Шундай экан, йўлга озуқасиз чиқилмаганидек, биз ҳам сафар тадорикини кўришимиз керак. Энг асосий “озуқа” эса, шубҳасиз ибодат ва эзгу амаллар қилишдир.

 

Исмоил ҲАКИМОВ