Исломда барча халқлар дини, ирқи, миллатидан қатъи назар, ўзаро ҳамкор яшашга буюрилган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй инсонлар! Дар­ҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бағрикенгликда ҳам умматларига юксак намуна кўрсатдилар. Абу Зарр (розийаллоҳу анҳу) бир саҳобани “Эй қоранинг ўғли”, деганида, “Сенда жоҳилият одати бор экан!” дедилар. Бу билан мусулмон кишида ирқчилик, миллатчилик, маҳаллийчилик кўринишида бирор сўз ёки ҳаракат бўлмаслиги лозимлигини айтдилар.

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Арабис­тон ярим ороли жанубидаги Наж­рон шаҳри насронийлари билан тузган битимлари ҳам динимизнинг бағри кенглигига мисол бўла олади: “Нажронликлар ва уларнинг яқинлари ҳаёти, мол-мулки, оилалари, барча-барчаси Аллоҳ ва Унинг расули ҳимоясида, ҳомийлигида бўлади”.

“Дин тўғрисида сизлар билан уришмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).

Ушбу оят Ислом нақадар инсон­парвар ва кенгбағир дин экани, бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни ман қилмаслигининг ёрқин далилидир.

Шунга кўра, Пайғамбар (алайҳиссалом) Мадинадаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб бердилар. Шу билан бирга, у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа дин вакиллари ҳадя қилган кийимларни кийиб юрганлари тарихдан маълум.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурматлаганлар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман”, деб Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларга шахсан ўзлари хизмат қилганлар. Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига тушириб, у ерда ибодат қилишларига рухсат берганлар.

Жумабек ИСКАНДАРОВ,

Тошкент Ислом институти битирувчиси