Ростгўйлик инсонни маънавий етук, камолотга кўтарувчи омиллардан биридир. Мўмин-мусулмон киши ёлғончи бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб, 70–71).

Суютийнинг “Жомиъ ул-кабир” асарида: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки ёлғоннинг охири вой”, дейилган. Савфон ибн Сулайм (розияллоҳу анҳу): “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Саҳоба: “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин бахил бўладими?” деб сўради. У зот: “Ҳа”, дедилар. Саҳоба яна: “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин ёлғончи бўладими?” деб сўради. Жанобимиз: “Йўқ”, деб жавоб қайтардилар (Имом Молик ривояти).

Ёлғончилик барча разолатларнинг бошидир, инсоннинг обрўсини тўкади. Аллоҳ таоло ёлғончилар ҳақида:

“Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” (Ғофир, 28).

“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”, дея марҳамат қилади (Наҳл, 105).

Шунингдек, ёлғон гувоҳлик бериш бузғунчиликнинг бош сабабчиси саналади. Чунки бунинг натижасида кишилар жабру жафо тортади, ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлади, энг ёмони, инсон умри завол топади. Исломда ёлғон гувоҳлик бериш катта гуноҳдир.

Аллоҳ таолонинг яхши кўрган бандалари ёлғон гувоҳлик бермаслиги ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар” (Фурқон, 72).

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклашини, яхшилик эса уни беҳиштга бошлашини ва рост сўзлаб юрган киши Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилиб қўйилишини баён қилганлар”.

Халқимиз “Бошингга қилич келса ҳам рост гапир”, деб бежиз айтмаган. Тижоратда, ўзаро муомалада, олди-берди қилишда, умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларида ростгўйликка қатъий риоя этишимиз лозим!

 

Зафар МАҲМУДОВ,

Тошкент ислом институти "Таҳфизул Қуръон" кафедраси ўқитувчиси