Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлаш шукрдир, неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир” (Имом Аҳмад).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим, 7).

Шайх Саъдий: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожибдир”, дея таъкидлайди. Неъматларга шукр қилиш, қадрлай билиш уларни давомийлигига, зиёда бўлишига олиб келади.

Манбаларда, банда кишини қилган яхшилигини билмаса, яъни ундан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолонинг неъматларига ҳам шукр қилолмайди, дейилади.

Бугун неъматлар қадрини англаб етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран назар ташлаб, тафаккур қилишимиз кифоя. Айрим давлатларда кечаётган сиёсий жараёнлар, турли бузғунчи оқимларнинг ўз мақсадлари йўлидаги қонли урушлари, хунрезликлари оқибатида қанчадан-қанча тинч аҳоли азият чекмоқда.

Яратганнинг ўзи бизга тинчлик-омонлик каби тенгсиз неъматларини ато этиб турибди. Улуғ неъматларнинг шукри елкамизга улкан масъулият юклайди.

Фаровон ўтаётган кунларимиз қадрига етиб, турли нопок, бузғунчи оқимларнинг найрангларидан ҳамиша огоҳ яшашимиз зарур.

Шукр фақат лафз билан бўлмайди.

Қайси соҳада ишлашидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро тинчликни сақлаш, фитналарнинг олдини олиш борасида ўзини масъул, деб билиши зарур. Шунда Аллоҳ таоло берган улуғ неъматларга шукр қилувчилардан бўламиз.

 

Исломиддин ЗУҲРИДДИНОВ,

Дин ишлари бўйича қўмитанинг масжидлар бўлими ходими