Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Афв қилмоғингиз, кўнгилни кенг тутмоғингиз ва кечирмоғингиз яхшидур. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидур” (Тағобун, 14).

Яратган кўнгилни кенг тутиш, кечиримли бўлишга буюрмоқда. Зеро, Унинг ўзи кечиримли Зот. Банда ўз фитратидан келиб чиқиб, билиб-билмай хато қилиши, гуноҳ ишларга қўл уриши мумкин. Агар у тавба қилса, гуноҳи каффоратига савоб амалларини кўпайтирса, Парвардигор кечиради. “Яхши ахлоқларни мукаммал қилишга” юборилган Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар”, дея марҳамат қиладилар ва тинимсиз равишда инсонларни раҳмдил бўлишга, бир-бирига кенглик қилишга чақирадилар. Биродар бўлинг, душман бўлманг, дейдилар. Аразлашиб қолишган тақдирда эса, уч кундан ўтмаслигини қайта-қайта таъкидлаганлар. “Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан алоқани уч кундан ортиқ узиб, аразлаб юриши ҳалол эмас. Агар шундай давом этса, иккиси ҳам Яратганнинг раҳматидан маҳрум бўлади, уларнинг қай бири ярашиш томон биринчи қадамни қўяр экан, аввало ўшанинг гуноҳи кечирилади”, дея марҳамат қилганлар.

Нақл қилишларича, Абдуллоҳ ибн Муборакка бир сафарда бадхулқ киши ҳамроҳ бўлибди. Ҳазрат йўл давомида унинг ярашмаган қилиқларига чидабди, қаттиқ гапирмай, аксинча, унга таъсир ўтказишга интилибди. Йўллари айрилгач эса, йиғлабди. Сабабини сўрашса: “Унга раҳмим келяпти. Мен ундан ажралдим, аммо унинг ёмон хулқи ўзи билан кетди, ундан ажралмади”, деган экан. Аллома сафардоши азиятларидан шикоят қилмаяпти, аксинча, уни йўлга сололмагани учун ўзини айблаяпти, изтироб чекяпти.

Маънили инсон, албатта, тарбиячи ҳам бўлиши лозим. Чунки том маънодаги тарбияли одам нафақат ўзи ва оила аъзоларини ўйлайди, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй, ватандошлари учун ҳам қайғуради. Акс ҳолда, унинг барча фазилатларини биргина лоқайдлиги, атрофга бефарқлиги ювиб кетади. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: “Яхшиларни ҳаммаям дўст тутади. Лекин ёмонларни дўст тутиш, уларни тўғри йўлга солиш, мардларнинг ишидир”, дейди.

Яратганнинг наздида энг номатлуб амал мўминларнинг бир-бирига ўзаро хусумат, гина-адоватда бўлиши саналса, силаи раҳм, бағрикенглик, аҳилликка, муросаи мадорага интилиш гўзал фазилатлардан ҳисобланади.

Ривоятда келишича, битта кўппак бир уйга қамалиб қолибди. Уйнинг тўрт тарафиям ойнаванд бўлиб, қаёққа қараса, ўзининг аксини кўраверибди. Ит ўзининг аксига қараб ириллабди. Кўзгудаги итлар ҳам шунақа жавоб қилибди. Ит жаҳл билан вовуллабди. Кўзгудаги итлар ҳам бараварига унга қараб вовуллашибди. Қисқаси, бечора ит туни билан кўзгулардаги ўз акси билан уришавериб, ҳолдан тойиб йиқилибди. Ҳаёт ҳам айнан шундай эмасми – унга кулиб боқсанг – кулиб боқади, хўмрайсанг – хўмраяди.

Кечиримли бўлиш мардлар иши. Яратган Эгамиз кечиримли Зот, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечиримли зот, ўтмиш алломаларимизнинг қай бирларини олиб қараманг, ҳаммалари бағрикенг инсонлар бўлишган. Қолаверса, кечиримлилик Истиқлол юртида, мамлакатимизда Давлат сиёсати даражасига кўтарилганига, турли ёт таъсирларга берилиб йўлдан чалғиган фуқароларимизнинг афв этилаётгани, ҳаётларини тўғри йўлга солиб олишларига имконият берилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шундай экан, биз ўз ҳаётимизда бағрикенгликни шиор қилиб, оиламиздагилар ва ён-атрофимиздагилар билан силаи раҳмда бўлишимиз, ёшларимизни ҳам ана шундай олижаноблик, юксак маънавият эгалари қилиб тарбиялашга интилмоғимиз лозим.

Зеро, одам боласи Парвардигор яратган оламни янада обод қилишга, ер юзида ҳаёт бардавомлигини таъминлашга буюрилган. Асло, низою адоват, урушу бузғунчиликларга эмас...

 

Зайнилобиддин ҚУДРАТОВ,

Пскент тумани “Мулла Бўта қози” масжиди имом-хатиби