Аллоҳга имон келтириб, динимизда буюрилган амалларни бажарган инсон мусулмон ҳисобланади. Лекин киши имон келтирса-ю, тили ва қўли билан бировларга озор беришдан тийилмаса, имони комил бўлмайди. Демак, имонимиз комиллиги юриш-туришимиз, хатти-ҳаракатларимиз ва айтаётган сўзимизга ҳам  боғлиқ.

Аллоҳ таоло бундай мар­ҳамат қилган: "Инсон айтадиган ҳар бир сўзни ёзиб борувчи фаришта ҳозирдир"(Қоф, 18). Бундан инсон ҳар бир сўзи учун ҳам жавоб бериши маълум бўлади.

Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. "Мен: "Эй Аллоҳнинг расули! Исломдаги қайси амал энг яхшиси?" десам, у зот: "Одамлар кишининг тили ва қўлидан омон бўлишлари", дедилар" (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисда олдин тил, ке­йин қўл айтиляпти. Чунки қўл­дан кўра тил билан озор беришнинг зарари кўпроқ. Зеро, моддий зарарнинг ўрни қопланиб кетиши мумкин, аммо тилдан етган маънавий зарар инсон юрагида узоқ сақланади, ҳатто ўчмайди.

Шу билан бирга тилни тия билмаслик қўлнинг ҳаракатга келишига сабаб бўлади. Масалан, қўл билан етадиган зарарлар аксар ҳолларда тилга эрк бериш натижасида келиб чиқади. Тилни ғийбат ва бўҳтон сўзлардан тиймай, кўнгилларга озор етказиш катта гуноҳ саналади. Тил орқали банда одамларни яхшиликка чақиради, ёмонликдан қайтаради.

Тилни беҳуда ва зарарли сўзлардан, қўлни бировларга зулм қилишдан тийиш чиройли хулқнинг асосидир. Зеро, тилга эрк бериш оқибатида кўп ўринларда оила мустаҳкамлигига путур етади, қариндошлик ришталари узилади, дўстлар душманга айланади. Демак, биз тилни фойдасиз сўзлардан тия билсак, нажот топувчи бандалардан бўламиз.

 

Одилхон ИСМОИЛОВ,

Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди имом-хатиби