Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир” (Имом Абу Довуд).

Ривоятларда, ота-онасига оқ бўлган кимса қиёматда Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлиши баён қилинган. Каъбул Ахбордан: “Ота-онага оқ бўлиш нима?” деб сўрашганида, у зот: “Агар отаси ёки онаси бирор ишга буюрса, итоат қилмайди. Бирор нарса сўраса, бермайди. Омонат қўйса, хиёнат қилади”, деб жавоб берган.

Ота-онага оқ бўлиш ана шундай оғир гуноҳлардан бўлгани учун фарзандлар уларга ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, оғринтирмаслик, ранжитмаслик чораларини кўриши лозим.

Қуръони каримда бундай буюрилади: “Парвардигорингиз ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этади. Агар уларнинг бирови ёки ҳар иккиси сенинг ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг сўзларини қайтарма! Уларга доим яхши сўз айт!” (Исро, 23-оят).

Алломалар фарзандларининг ўз ота-оналари учун бутун борлиқлари – тили, дили, моли билан хизматда бўлишларини, уларни рози қилиб дуоларини олишлари кераклигини уқтиришган. Имом Насафий: “Ота-онанинг фарзанди олдида олтмишта ҳақи бор”, дейди.

Жумладан, барча ишларда ота-онадан маслаҳат олиш ва насиҳатларини жону дил билан қабул қилиш, дам олаётганларида безовта қилмаслик, уларнинг олдида баланд овозда гапирмаслик, таомга улардан олдин қўл узатмаслик, ҳузурларида оёқларини чўзмаслик, ёнбошламаслик, улардан юқорида ўтирмаслик ва ҳоказолар фарзанднинг муҳим бурчларидандир. Луқмони Ҳакимдан, сиз нега ҳадеб ўғилларингизга насиҳат қилаверасиз? деб сўрашганда, “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни парвариш қилгани кабидир”, деб жавоб берган эканлар.

Ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Кимки ота-онасини рози қилса, унга тубо (жаннат дарахти) насиб бўлиб, Аллоҳ таоло унинг умрини зиёда қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Юртимиз мустақилликка эришгач, асл қадриятларимиз тикланиб, минг йиллик ахлоқ-одобимиз яна ўзининг чин чашмаларидан сув ича бошлади. Шулар қатори катталарни, айниқса, ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш, улар хизматига ҳозир туриш асосига қурилган диний қадриятларимиз тикланди.

Муҳтарам Юртбошимиз нутқларидан бирида шундай деган эди: “Ўз оиласи, насл-насаби билан фахрланиш ватанпарварлик туйғусига чуқур ҳамоҳангдир. Бу энг аввало, оилавий анъаналарни авайлаб сақлаш ва бойитиш, ота-боболарнинг муборак номларига доғ туширмасликка интилиш, ўз меҳнати, билимлари билан насл-насаб, обрўсини мустаҳкамлаш одамларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиш истагидир”.

Оқил фарзандлар эса бу яхшиликларни улар вафотидан кейин ҳам давом эттиришади, дуо ва истиғфорда бардавом бўлишади, ота-онанинг дўст ва ақраболарини йўқлаб туришади, солиҳ амаллари билан улар шаънини пок сақлашади.

 

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири