Бир отахонни танийман. Ёшлари саксондан ошган бўлса-да, ҳали тетик, қадам ташлашлари салкам йигитдек.

“Кексалик барибир ғолиб келаркан, улим, – ҳасрат қилиб қолди отахон. – Мана, кўз ҳам борган сари хиралашяпти. Кундузи бир нави-ку, кечаси жуда билинадида. Газет-журнал ўқишгаям бироз қийналяпти одам”.

“Нолиганингиз нимаси, отахон?! Бу ёшга етмаганлар қанча. Қариганда ўзини эплолмай қолганлар-чи!” – шу гаплар оғзимдан чиқиб кетай деди-ю, вақтида тилимни тийдим. Меҳр билан елкаларига кафтимни қўйдим. “Сизга ҳавасим келади. Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, шу табаррук ёшингизда фикрлашингиз бизникидан тиниқ, сўзларингиз бурро, ўзингиз шунчалик бардам-бақувватсиз. Ҳаммага ҳам сизга ўхшаб кексайиш насиб этсин.” Гапларимдан отахоннинг чеҳраси ёришди. Димоғи чоғ бўлиб, эл-юртни, жумладан, мени узоқ дуо қилди.

Инсон кўнгли ўта нозик. Биргина сўз билан одамнинг қаддини букиб қўйиш ҳам, унга қанот бағишлаш ҳам мумкин. Кексалар эса айниқса далдага муҳтож бўлади.

 

Ғулом ДУВАЛОВ,

Самарқанд вилояти,

Каттақўрғон тумани