Ота-онани ҳурмат қилиш, улар рози бўладиган амалларни бажармоқ фарзанд зиммасидаги улкан бурчдир. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) амр этдик” (Луқмон, 14).

Ушбу ояти каримада ота-онани ҳурмат қилиш Аллоҳ амри экани очиқ баён қилинмоқда. Унинг (оятнинг) давомида эса ота-онанинг ҳурмат қилиниши сабаблари зикр этилади: “Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки,) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир!””. Яъни ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Бу ҳолат бола дунёга келгунича давом этади. Шунча машаққат устига она боласини яна икки йил давомида эмизади. Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил эканини мазкур оятлардан олганлар. Агар болани бирор сабаб билан бегона аёл эмизса, ўша аёл унга эмикдош она, унинг эри ота, фарзандлари ака-ука, опа-сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар шунга мувофиқ юзага келади. Демак, эмикдош она ҳам ҳақиқий онага кўрсатиладиган ҳурмат ва эъзозга ҳақлидир.

Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, ота-онанинг фарзанди зиммасида қандай ҳақи бор?” деб сўради. Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улар сенинг жаннатинг ва дўзахингдир”, деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий).

Демак, фарзанд ота-онасининг хизматини адо этиш билан жаннатга ёки уларга озор бериш билан дўзахга дохил бўлиши мумкин экан.

Ота-она вафот этганидан кейин ҳам фарзанднинг бурчи тамом бўлмайди.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганларини эшитганман: “Яхшиликларнинг энг афзали бир киши отаси вафот этганидан сўнг, унинг дўстлари билан алоқани узмаслик” (Имом Аҳмад, Имом Муслим).

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: ота вафотидан кейин фарзанднинг қайси амали яхши эканини тушундик, онанинг вафотидан сўнг кимга яхшилик қилмоқ афзал?.. Баро (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар: “Хола – она мақомидадир” (Имом Бухорий). Демак, она вафот этган бўлса, хола она ўрнидадир. Бундан холага яхшилик қилиш онага яхшилик қилиш каби хайрли амал экани маълум бўлмоқда.

Инсон ота-она қадрини, уларнинг қанчалик мўътабар зот эканини ўзи ҳам фарзандли бўлганида тўлиқ англайди. Қуйидаги ояти карима шунга далолат қилади: ... Бас, қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганда: “Эй, Раббим, менга ва ота – онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, дейди” (Аҳқоф, 15).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Видо ҳажида тавоф қилиб турган эдилар. Онасини елкасида кўтарган бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен онамни кўтариб, елкамда тавоф қилдирдим, шу билан унинг ҳаққини адо қилдимми?” деганида, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Онангни тавоф қилдирганинг, оқ сут берганининг бир куни бадалига ҳам етмайди”, дедилар (Баззоз ривояти).

Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)дан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): “Кимки ота-онасининг ҳақини адо этмаса, мен бундай одамлардан узоқда бўламан (яъни, менинг шафоатимдан баҳраманд бўлмайдилар)”. “Уларга (яхшилик қилиши учун) унинг моддий ҳеч нарсаси бўлмаса-чи, эй Расулуллоҳ?” деб сўрадим. “Агар уларнинг сўзларини эшитса, қулоғим сизда, хизматингиздаман, десин ва ҳеч қачон уларнинг сўзларига “уф” (малоллик) демасин, уларни жеркимасин. Уларга фақат гўзал сўзлар айтсин”, дедилар”».

Фарзанд ота-онага қанчалик яхшилик қилмасин, ҳеч вақт дунёга келишига сабабчи бўлганлик ҳақини қайтара олмайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоятида: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: Уч хил дуо шак-шубҳасиз мустажобдир. Мазлумнинг дуоси, мусофир (ғариб)нинг дуоси, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси” (Имом Термизий).

Ҳар биримиз ота-онамизга яхшилик қилиб, уларнинг насиҳатларига қулоқ солиб дуоларини олсак, иншоаллоҳ, икки дунё саодатидан баҳраманд бўламиз.

Шайх Абдураззоқ ЮНУС,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари