Инсон соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун ажр олади. Вақти соати келиб у вафот этса, амаллари ҳам тўхтайди, ёзиладиган савоблар ҳам кесилади.

Лекин мўминга тириклик чоғида охиратни ўйлаб вафотидан кейин ҳам савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Қачонки одам вафот этса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақа, манфаат оладиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, дедилар” (Имом Муслим). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадисда одам вафотидан сўнг амали кесилишини айтиш билан бирга, кейин ҳам савоби етиб турадиган амалларни баён қилдилар.

Улардан бири мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Мисол учун, кўпчилик фойдаланиш учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир.

Дунё каби унинг бойликлари ҳам ўткинчидир. Инсон умр бўйи йиғиб-терган маблағи бир кун келиб меросхўрларига қолади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай дедилар: “Қайси бирингиз меросхўрининг молини ўз молидан яхши кўради?” Саҳобалар (розияллоҳу анҳум): “Ё Расулуллоҳ, ҳар биримизга ўз молимиз суюклироқдир”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзидан аввал (охиратга) жўнатган моли унинг (ҳақиқий) молидир, орқада қолдиргани эса меросхўрларининг молидир” дедилар (Имом Аҳмад).

Аллоҳ таборака ва таоло бизга инъом этган молидан бир қисмини Ўзининг ризоси учун сарфлашимизга буюради. “Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қайси садақа афзалроқ?” деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай жавоб берганлар: “Сен соғлом бўлиб, молга қизиққан, фақирликдан қўрқиб, бойлик умид қилиб турган ҳолингда қилган садақангдир. (Жон) халқумга тиқилиб, фалончига бунча, пистончига шунча дейдиган ҳолатинггача (садақа қилишни) ортга сурма. Зотан (мол) фалончиники бўлиб бўлди” (Имом Бухорий).

Аллоҳ таоло: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон, 92), деб яхши кўрган молимиздан Аллоҳнинг йўлида сарф қилмагунимизча, асло яхшиликка етолмаслигимизни баён этган. Фурсатдан унумли фойдаланиш ўз қўлимизда.

 

Ҳошимжон ОМОНОВ,

Тошкент ислом институти мударриси