1972 йил Тошкентнинг Уста Ширин маҳалласидаги хонадонлардан бирида бўлган амри-маъруф йиғинида Соғуний ҳазратлари “Вал аср” сурасини тафсир қилган эди. Ўшанда магнит тасмасига туширилган мазкур мавъизани у зотнинг набиралари, пойтахтимиздаги “Искандархўжа” жоме масжиди имом-хатиби

Абдуллахон АСИЛХОН ўғли оққа кўчирди.

Қуръони каримдаги икки энг қисқа суралардан бири "Вал аср"дир.

Ислом шариати жорий этилганида араблар Аллоҳни билар, Унга шерик қўшар, айримлари қуёшни Худойи таолонинг шериги дер, бошқалари ясаб олган бутларига сиғинишар эди. Кўплари Аллоҳнинг исми билан қасам ичишарди. Яъни, валлоҳи, биллоҳи, таллоҳи дерди. Аллоҳ таоло ҳам сурани “Вал асри” деб, қасам билан бошлади. Яратган махлуқлари ичидаги энг улуғлари билан, оламга фойдаси етиб турган нарсалари билан қасам қилган. Масалан, махлуқлари ичидаги энг улуғи қуёш бўлгани учун “Вашшамси” деди. “Вашшамси” деганнинг маъноси – офтобдир ёки ой билан “Валқамари” дея қасамёд этди.

“Вал асри” дегани замоннинг ҳақи-ҳурмати учун қасам ичаман, деганидир. “Иннал инсона лафи хусрин” – Инсон болалари ҳақиқатан зиён ичрадир. “Хус­рин” – зиён деганидир. Аллоҳ таоло кўрсатган йўлдан бошқа ҳар бир йўлда машаққат бор, роҳат йўқ.

Ҳар бир кириб чиқаётган нафасда яхшилик бўлмаса, у зиёндир.

Инсон бу зиён-заҳматдан қутулиши учун Аллоҳ таоло унга ҳақ йўлни кўрсатди. Бундан (зиён)дан қутулиш, нажот топиш, роҳатга эришиш йўли – “Иллаллазийна оманув” – (Аллазийна оманув) имон келтиришдир.

Мўмин банда ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳга имон келтиради.

Ҳар бир инсон бирон нарсага фаҳми етадиган, биладиган даражага етса, олдинига яратган Аллоҳни танийди. Зеро, яратган Парвардигорни таниш унга лозимдир.

Шайх Саъдий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Агар ҳушёр, ақлли, илмли киши ибрат кўзи билан фикр этиб ўйласа, дунёдаги ҳамма дарахтларнинг (битта) барги Худони танишга бир дафтардир”.

Лекин бунга ҳушёр ақл ва фикр керак.

“Иллаллазийна оманув” энди зиёндан қутулган – имон келтириб ишонганлар бу билан тўхтамайди.

Аллоҳга ишонган банда Унинг фаришталарига ҳам ишонади.

Фаришталар биз инсонларга ўхшаб яратилган эмас, улар нурдандир. Ана шу малоикалар орқали пайғамбарларга ваҳий келди.

Яна китобларига ҳам инониш имоннинг шартларидан биридир. Отамиз Одам (сафиюллоҳ)дан бошлаб жаноби ҳақ Пайғамбаримизгача бўлган барча пайғамбарлар Худо тарафидан юборилди. Аллоҳ инсонларни ҳақ йўлга бошлаш, Ўзини танитиш, Жаннат йўлини кўрсатиш, зиён-заҳматлардан қайтариб, яхшилик йўлларини билдириш учун бандалари орасидан пайғамбарлар чиқарди.

Ҳаммамиз қайта тириламиз. Инсон қайта тирилгач, дунёда заррача яхшилик қилган бўлса ҳам унинг роҳатини кўради, заррача ёмонлик қилган ҳам унинг жазосини олади.

Ўлим ҳақ. Бунга ишонамиз ва иқрормиз.

Мўмин Аллоҳга имон келтирганидан сўнг солиҳ амал қилиш билан имонини мустаҳкамлайди. Ўзига, оиласига, ватандошу замондошларига, ҳаттоки ҳайвонларга ҳам яхшилик қилади. Агар у яхшиликдан йироқ бўлса, жаҳолатга кетади, “Ватавосов билҳаққи” – яна мўмин киши бошқаларнинг ёмонликда бўлишини ҳам истамайди. Уларни яхшиликка ундайди.

“Ватавосов биссабри” – ҳақ ишни бажаришда қанча қи­йинчиликлар бўлса ҳам сабр қилади ва бир-бирларига шуни маслаҳат беради. Зеро, сабрсизлик ила имон комил бўлмайди. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.

Ҳазрат Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сенинг биродаринг зулм кўраётган бўлсаям, зулм қилаётган бўлсаям ёрдам бер, деганларида, саҳобалардан бирлари: “Ё Расулуллоҳ, зулм кўраётган бўлса унга ёрдам бериб, зулмдан қутқазамиз, аммо зулм қилаётганга қандай ёрдам берамиз”, деди. У зот: “Зулм қилаётганни ёмонлигидан қайтара олсанг, унга ёрдам қилган бўласан”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳақ йўлда, яхшилик қилишда меҳнат ва машаққатлар келса ҳам унга сабр қилишда ажр бордир. Зеро, сабр билан дунё иши ҳам, охират иши ҳам камолига етади.