Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Эй имон келтирганлар! Фақат Аллоҳга ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!" (Бақара, 172).

Динимизда рухсат этилган йўллар орқали тўпланган бойлик ҳалол, нопок йўл билан орттирилган мол-дунё ҳаромдир. Ризқ ҳалолидан бўлишига ҳаракат қилиш лозим. Айниқса, оила раҳбари қарамоғидагиларни ҳалол меҳнати ва покиза луқма билан боқиши фарз. Ҳалол озуқалар инсон учун тиббий томондан ҳам фойдадир. Чунки Аллоҳ таоло фақатгина зарарли нарсаларни ҳаром қилган. У Зотдан қўрқмаган кимсалар – ўғрилик, порахўрлик, зўрлик, ҳийла-найранг, ҳаром нарса савдоси, етимнинг молини ўзлаштириш, ҳаром касб (фолбинлик, фоҳишалик) қилиш, умумхалқ мулкини ўзлаштириш каби йўллар билан бўлса ҳам, дунё тўплайди. Шу мол-мулкидан қорин тўйдиради.

Ҳолбуки, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ҳаромдан битган этга дўзах муносибдир", деганлар (Имом Табароний ривояти).

Дуонинг ижобати ҳам луқманинг поклигига боғлиқдир. Қиёматда ҳар бир инсон бойлигини қандай орттиргани ва қаерга сарфлагани ҳақида сўралади. У кунда ҳаромдан мол топган кимса афсус чекади. Зеро, банданинг ҳаққи у куни олтин-кумуш ва мол-дунё билан эмас, балки савоб ва гуноҳ билан ҳисоб-китоб килинади.

Имом Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Ким тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида тўғри йўл орқали ризқ топиш билан маш­ғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи ёруғ ҳолида йўлиқади".

Маълумки, инсоният йўл­бошчилари пайғамбарларнинг тирикчиликлари ҳам ҳунар билан бўлган. Манбаларда бобомиз Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик ва Идрис (алайҳиссалом) хаттотлик билан машғул бўлганлари келтирилади. Улар ризқларини пешона тери билан топганлари биз учун катта ибратдир.

"Фарзи айн" китобида таом ейишда тўрт фарз борлиги айтилган:

1. Ҳалқум поклиги. Яъни, тановул қилинаётган таом динимиз нуқтаи назаридан покиза бўлиши ва тўғри йўллар билан топилиши лозим.

2. Ризқнинг Аллоҳ таолодан эканига иқрор бўлиш. Ҳар бир мўминнинг эътиқоди шундай бўлиши керак. Зотан, Аллоҳ таолодан ўзга ризқ берувчи йўқ.

3. Насибага рози бўлиш. Ризқни Аллоҳ таоло берар экан, кимга қанча ва қачон беришни ҳам Ўзи билади. У зотнинг берганига рози бўлиб, уни кўпайтиришини сўраш мўминнинг хислатидир.

4. Таомнинг қувватини гуноҳга сарфламаслик. Ейилган нарсадан танага қувват ҳосил бўлиши Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. Бу қувватни гуноҳга эмас, тоатга сарфлаш айни муддао бўлиши билан бирга насибанинг кўпайиши гаровидир. Зеро, шукр этиш неъматнинг ортишига сабабдир.

Динимизда нарсаларнинг истеъмоли қуйидаги тўрт сабабга кўра ҳаром қилинган:

1. Нарсанинг инсонга озуқа бўлишга яроқсизлиги. Тупроқ, пашша каби нарсалар истеъмоли ман қилинишига сабаб шудир.

2. Нарсанинг таъбга жир­канч­лиги ва зарарли бўлиши ҳам унинг истеъмоли ҳаром қилинишига сабабдир. Қурбақа, тошбақа кабилар шунга кўра ҳаром ҳисобланади.

3. Нарсанинг нажаслиги, яъни, ифлослиги унинг ҳаромлигига асосдир. Бу сабабнинг мисоллари жуда кўп.

4. Нарсанинг ҳурмати ва эҳтироми ҳам унинг истеъмоли ҳаромлигига сабаб бўлади. Инсон аъзолари истеъмоли шунинг учун тақиқланган.

 

Манбалар асосида Толибжон ҚОДИРОВ тайёрлади.