Аллоҳ инсонларга сўзлаш неъматини ато этган. Улуғ зотлар бундай дейишган: "Инсон молу дунёси билан яхшилик қилмоқчи бўлса, бойлиги бир кунда тугаб қолиши мумкин. Аммо инсонда бир хазина бор, қанча сарфлагани билан тугамайди. У ширин сўздир".

Ҳадиси шарифда: "Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди", дейилган.

Биз ҳар бир айтган сўзимиз учун масъулмиз. Боязид Бистомий Аллоҳни зикр этишдан аввал "дунё сўзларини сўзлаган эдим", дея оғизларини уч бора ювар эканлар.

Одамлар зоҳиран гурунг шаклидаги ғийбатларнинг ботиний оламда номаи аъмолига гуноҳ бўлиб битилаётганидан ғофилдирлар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: "Жим турмоқдан суҳбатлашиш яхши, ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик яхши".

Оилада ёки инсонлар орасидаги нохушликлар кўпинча қўпол сўз оқибатида содир бўлади. Бунинг аксича, кўпгина муваффақиятларнинг омили ширин сўздир. Шунинг учун ҳар бир инсон ширинсўз, мулойим бўлишга интилмоғи лозим. Аллоҳ таоло: "Бандаларимга айтинг, (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур" (Исро, 53), деб огоҳлантирган.

Мана шу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро муносабатларида, суҳбатларида ширин сўзли бўлишга буюради. Агар улар буйруққа итоат этмай, ёмон сўзларни ихтиёр қилсалар, албатта шайтон ораларини бузади.

Тил инсоннинг жисман энг кичик, аммо масъулият ва вазифаси жиҳатидан катта эътиборга лойиқ аъзосидир. Уни фақат хайрли, яхши муомалада ишлатиш ва ёмон, дилозор сўзларни айтишдан сақлаш лозим. Муҳаммад (алайҳиссалом) тилни ножўя сўзлардан асрашга, имкон қадар сукут сақлашга буюриб: "Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин", дея марҳамат қиладилар.

Ислом динида тилга бу қадар катта эътибор берилишининг боиси, тилнинг қалбга яқинлигидир. Қайси бир инсоннинг қалби пок ва соф бўлса, унинг тилидан бол томиб, ширин гаплар чиқади. Бундай кишиларнинг дўсти ҳам кўп бўлади.

Тил ва қалб ўртасидаги узвий боғланиш ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Банданинг имони тўғри бўлмайди, токи унинг қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча".

Маълумки, тил орқали содир қилиниши мумкин бўлган ғийбат, чақимчилик, туҳмат ва ёлғон гувоҳлик бериш кабилар билан инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат пойдевори дарз кетиши, емирилиши мумкин.

Инсон одоб-ахлоқини гўзал ва ёқимли қиладиган омиллардан яна бири яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлишдир. Бундай суҳбатлар киши қалбини ибратли хулқ-атвор билан бойитади ва уни яхши ишларни амалга оширишга ундайди.

Яхши муомала барча инсонларнинг кўрки ва зийнатини оширади. Қаерда ҳусни муомала бўлмаса, ўша ерда албатта хато ва камчиликлар содир бўлади. Шуни таъкидлашни истардик, инсон бошқаларга берадиган насиҳатига аввало ўзи амал этиши лозим. Қуйида мазҳаббошимиз Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) билан бўлган воқеани ҳикоя қиламиз.

"Бир қул Имом Аъзам ҳазратларига деди:

– Кейинги жумада қул озод қилишнинг фазилатларидан гапирсангиз. Зора, хожамиз бизни озод қилиб юборса.

Имом Аъзам рози бўлдилар. Аммо орадан икки жума ўтгач, учинчи жума ваъзида қул озод қилиш ҳақида сўзладилар. Шу куни ўша қулни хожаси озод қилганини айтди. Сўнгра қул келиб, Имом Аъзам ҳазратларига деди:

– Ҳазрат, хожам ваъзингизни тинглаб қайтгач, мени озод қилди. Аммо нега икки ҳафта кейин бу ҳақда гапирдингиз?

Имоми Аъзам айтдилар:

– Сен менга илтимос қилган вақтингда пулим йўқ эди. Шундан кейин икки ҳафта пул йиғиб, қул сотиб олдим ва уни озод қилдим. Қул озод қилиш гаштини суриб, ўзим ҳис этганимдан кейин гапирдим. Агар ўзим қилмаган ишни сўзласам, унинг таъсири бўлмас; хожангиз ҳам сизни озод қилмаган бўлур эди".

Демак, инсоннинг сўзи билан амали бир бўлиши лозим экан.

Фарзандни комил инсон қилиб тарбиялашнинг муҳим жиҳати унда сўзлашиш одобини шакллантиришдир. Тил хоҳлаган тарафга бурилаверади. Тил туфайли не бир қалблар орому ҳузур топиб, қувончга тўлса, аксинча, не бир кўнгилларни тил вайрон қилиши мумкин.

Тил соҳибининг қалб кечинмаларини юзага чиқаради. Агар тил эгаси фасоҳату нафосатли, гапирганида дур мисоли сўзларидан нуру зиё таралиб турадиган, эзгу қалбли инсон бўлса, унинг сўзлари ҳар қандай дарду мусибатга даво, яраланган қалбларга малҳам, ўксик дилларга юпанч бўлади. Борди-ю, сўз соҳиби бунинг тамоман акси бўлса, унинг сўзи масрур қалбни ғамли, тик бошни эгик, хуш кайфиятни тушкун этувчи оғуга айланади. Бу фикрлар исботи ўлароқ ушбу ҳикматли ҳикояга эътибор қаратайлик:

Бир подшоҳ туш кўрибди, тушида бор тишлари тўкилиб кетганмиш. Уйқудан уйғонгач, икки вазирини ҳузурига чорлабди. Кўрган тушини баён қилиб: "Бу тушнинг таъбири нима? Агар таъбирини топсангиз, фақат ростини сўйланг", дея уларга мурожаат қилди. Вазирлардан бири сўз бошлади: "Подшоҳим, бу яхшилик аломати эмас, барча қариндош-уруғларингиз барвақт вафот этиб кетишади, сиз ўзингиз ёлғиз қоласиз". Подшоҳ бу жавобдан ниҳоятда дарғазаб бўлиб, вазирни зиндонга ташлашни буюрди. Сўнгра иккинчи вазир: "Шоҳим, бу тушингиз кўп яхшилик ва қувонч аломатидир. Аллоҳ таолонинг инояти ила, сиз муҳтарам жаноби олийларига барча қавму қариндошларингиз ичра узоқ умр ато этилур. Бу қутлуғ неъмат муборак бўлсин!" дея эҳтиром билан қўлларини кўксига қўйди. Яхши таъбир ва қутловдан хурсанд бўлган подшоҳ бу вазирига мукофотлар инъом этишни буюрибди.

Бир хил маънодаги икки хил таъбирни берган вазирлардан бири фаҳму фаросатдан узоқда, сўзлаш ва эҳтиром одобидан бебаҳра бўлиб, таъбирни ўзининг сифатига мувофиқ шу даражада қўпол баён қилди, натижада ғазабга йўлиқди. Закий ва доно, теран ақл ва назокатли сўз соҳиби бўлган иккинчи вазир эса, туш таъбирини ўз фазилатига муносиб тарз­да баён қилиб, олқиш ва мукофотга сазовор бўлди. Демак, азиз фарзандларнинг кишилар билан сўзлашиши, ўзаро муомаласи, гапирган сўзлари ҳикмат касб этиши учун мураббий ва муниса мураббияларнинг қалблари ушбу олийсифат одоблар билан тўлиб тошган бўлиши керак. Шундагина, фарзандлари улғайиб, балоғат ёшига етганида, кўрган кўзлар қувонадиган, суҳбатлашган инсонлар яна бир бора дийдорлашсам дейдиган, комил ва шомил инсон бўладилар. Бундай ўғил-қизларни улғайтириш ҳар бир ота-онанинг энг олий орзусидир.

Тилининг фасоҳати ва ширинсўзлик инсон зийнати. Али ибн Ҳусайн (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзландилар. Ул зотнинг устиларида иккита кийим бор эди. Ибн Аббоснинг кифтида эса икки ўрам соч бўлиб, оппоқ эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларига қараб туриб, табассум қилдилар.

Шунда Ибн Аббос: "Ё Аллоҳнинг Расули, сизни кулдирган нарса нима?" деди. Пайғамбар (алайҳиссалом): "Пайғамбарнинг амакисининг жамоли мени ажаблантирди", дедилар. "Жамоли нима?" деди Ибн Аббос. "Фасоҳатли тил", дедилар (Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади, саҳобалар: "Ё Аллоҳнинг Расули, нега бизнинг фикримиз сизникидек фасоҳатли эмас?" дедилар. Набий (алайҳиссалом): "Аллоҳ таоло мени қўпол гапирувчи қилиб яратмади. Менга сўзларнинг яхшисини ихтиёр этди: у эса Ўзининг Қуръон китобидир", дедилар (Шерозий ва Дайламий ривояти).

Киши оғир-босиқлик билан шошмасдан, дона-дона қилиб, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашиши лозим.

Фасоҳатли сўзлаш Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидир. Гўзал ва равон сўзлаган ҳазрат Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбардан (алайҳиссалом) мақтов олган эканлар.

Ҳозирги замон мисолида атрофимизга назар солсак, ачинарли воқеаларга дуч келамиз. Хусусан, айрим ёшларимиз ўртасида "ота, она" каби улуғ сўзларни турли бачкана сўзларга алмаштириб айтиш, афсус, учраб турибди. Баъзи катталар бунга бепарво. Замонамиз олимларидан бири Фозил қори Собиров (Аллоҳ раҳмат қилсин) мавъизаларида бундай деганлар: «Кўриниши туппа-тузук, ёши ўрта, масжидга жаноза хабарини айтиш учун келган бир кишидан сўрадим:

– Кимингиз қазо қилди?

– Кампирни бериб қўйдик, – деди.

– Қайси кампир? Ким бўлади сизга?

– Онам.

– Эй номард, мени дунёга келтирган, дуолари ижобат, пойи қадамлари остида жаннат бўлган, уйимнинг гавҳари, меҳрибоним, ойижоним ўтдилар, деб кўзёши қилгин, – дедим ва: "Бир парча гўштдан вояга етказган, қип-қизил қонидан оппоқ сутини меҳр билан ажратиб берган, неча-неча тунларни бедор ўтказиб, минг бир машаққатларни чеккан онанг энди "кампир" бўлиб қолдими, суф сендақа фарзандга", деб койигим келди».

Баъзи ёшларимизнинг саломларига қандай жавоб беришни билмайсан киши. "Ассалому алайкум" сўзининг маъносини бузиб, нима деяётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Наҳот, "Ассалому алайкум" дея тўлиқ, очиқ ва равшан қилиб салом беришнинг иложи бўлмаса?! Наҳотки, ота-оналар фарзандларининг бераётган саломига эътибор қилмайдилар? Ҳар бир фарзанд эрталаб ота-она ҳузурига салом билан кириб келади-ку, ахир! "Бола бошидан" деганларидек, эндигина тили чиқиб келаётган фарзандларга тўғри, чиройли ва керакли сўзларни гапириш ўргатилса, бу ўрганганлари унга умрбод ҳурмат, бахт-омад келтиради.