Яхшиликларингизни янада кўпайтирмоқчи, иродали тақводор бўлмоқчи, нафсингизни жиловламоқчи ҳамда шайтонга чап бермоқчи бўлсангиз, бу борада энг яхши кўмакчингиз рўзадир!

Уламоларни яхши кўрсангиз, қалбингиз покланишини, фаришталар сифатига эришишни, сабр-бардошли бўлишни, вужудингизни раҳм-шафқат эгаллашини, онадан янги туғилган гўдакдек гуноҳлардан пок бўлишни истасангиз, рўза сизни мақсадингизга етказади!

Аллоҳ таоло: “Бу фақат Мен учун”, деб мукофотини сир тутган ибодатни бажаришни,  оғзингиздан чиқаётган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбардан хушбўйроқ бўлишини, жаннатнинг Райён дарвозасидан киришни хоҳласангиз, ҳамроҳингиз рўза бўлсин!

Фаришталар сизга салавот айтишини, дуойингиз ижобат, юзингиз дўзахдан 70 йил узоқда бўлишини, катта-кичик гуноҳлардан сақланишни истасангиз, рўза ниятингизга етказади!

Ўқиган китобингиз, эшитган-кўрган маълумотларингиз хотирангизда яхши сақланиб қолишини, қувватингизга қувват қўшилишини хоҳласангиз, рўзага эътиборсиз бўлманг!

Яхшиликка буюриб, панд-насиҳат қилганингизда сўзингиз таъсирли бўлишини истасангиз, рўза тутишни канда қилманг!

*  *  *

Буйракда тош тўпланишидан хавотирдамисиз? Сийдик йўлидаги тузларни эритмоқчимисиз? Танангизни заҳарли моддалардан тозалашни, асабларингизга дам беришни, қон босимингиз бир меъёрда бўлишини истайсизми? Бу ниятларга етиш учун рўза энг яхши дармондир!

Қабзият қийнаяптими? Тўғри ичакда касаллик борми? Бавосир ва камқонликдан сақланмоқчимисиз? Жигарингиз безовта қилишини истамасангиз, рўза қалқонингиз бўлсин!

Ичингиз дам бўляптими? Юрагингиз безовтами? Қанд ёки саратон касаллигига чалинишдан қўрқяпсизми? У ҳолда рўза тутишни канда қилманг! Паришонхотирлик, ўпка касаллигининг олдини олиш учун ҳам энг яхши восита рўзадир!

Юқорида саналган касалликларни рўза билан даволаш ижобий самара бериши илмий ва амалий тасдиғини топган. Фақат олдин шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия қилинади.

Козимжон АКРАМОВ,

Наманган туманидаги “Муҳаммад Сиддиқ”

жоме масжиди имом ноиби