Инсон қай бир ишга қўл урмасин, албатта, бирор фойдани кўзлайди. Беҳуда ишга ақл, куч, вақт, маблағ сарфлаш фазилат эмас, айб. Аммо ана шу фойда, ризқу рўзни чиройли исташ мўминларга хосдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Муқаддас руҳ (фаришта) менинг қалбимга етказдики, албатта, ҳеч бирингиз ўз ризқини мукаммал олмай туриб ўлмас. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ризқни гўзал талаб этинглар”, дедилар (Ҳоким ривояти).

Фойда кўзлашда ҳаддан ошиш, ўз нафини ўйлаб, бошқалар манфаатини кўзга илмаслик худбинликдир. Мўмин-мусулмон кишига ҳеч ярашмайдиган бу хунук одатнинг зарарларини санаб саноғига етиш мушкул. Оддийгина тартибсизликдан тортиб, катта-катта жиноятларгача худбинликдан туғилади. Бу дардга чалинишнинг оқибати ўта аянчли. Худбин кимсанинг гўёки ҳақ-ҳуқуқлари бор-у, бурч-мажбуриятлари йўқдек. Ўз нафси эҳтиёжларини бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига қондириш унга оддий ҳол. Ўзининг хизмат вазифасини бажармай, тамагирлик йўлига ўтади, турли баҳоналар билан ишингизни ортга суради. Зулмдан тап тортмай қўяди. Бундай ҳол инсоннинг ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам хавфли. Халқ орасида худбин, бировнинг ҳақига тажовуз қиладиган одамларни “Нафси ҳакалак отиб кетган” дейишади. Жамият уни ўз-ўзидан четга чиқариб ташлайди.

Инсонларни икки дунё саодатига чақирувчи динимиз бизни худбинликдан қайтариб, олижанобликка буюради. Ҳатто бу масалага имонимизнинг комиллик даражасини ўлчовчи мезонлардан бири сифатида қарайди. «Набий (с.а.в.): “Бирортангиз ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди”, дедилар» (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадис Абу Довуд: “Тўрт ҳадисни билиб, амал қилиш одамга дини учун кифоя қилади”, дея таърифлаган ҳадислардан бири экани ҳам худбинлик сифатининг нақадар зарарлию олижаноблик фазилатининг башарият ҳаёти учун қанчалар зарурлигини кўрсатади.

“Ўзим бўлай” қабилида ҳаёт кечирадиган кимсаларнинг, аслида, эришганидан йўқотгани кўп. Одамларнинг ундан кўнгли қолади, ундан четланишади. У ҳақиқий дўст топиши амри маҳол. Расулуллоҳ (с.а.в.) уқтирганларидек: “Раҳм қилмаган раҳм кўрмайди” (Муттафақун алайҳ). Ўзгалардан меҳр-оқибат кутсак, биз ҳам уларга меҳр-шафқат кўрсатайлик. Меҳр ва эътиборимизни туйган кишиларнинг бизга ишончи ортади. Қалбида одамларга нисбатан шафқат уйғонади, ҳиммат туйғулари жўш уради, иншоаллоҳ.

Машҳур маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг қуйидаги сўзларини ўқиб, инсон феълидаги худбинлик иллатининг ўрнини эгаллаши лозим бўлган фазилат ҳимматдир, деган хулосага келдик: «Ҳиммат шундай бир олижаноб фазилатдурки, инсониятнинг кони, яхши хулқларнинг посбони демак жоиздур. Ўз жинси (миллати)нинг авлодидан ҳар вақт ёрдамини аямас. Хайру саховатлик ишлардан ўзини тортмас. Пул ва молини бу йўлда сарф этмакдан қизғанмас. Олиҳиммат киши сояси латиф, меваси лазиз дарахт кабидурки, бу сояга яқин бўлган кишилар ҳар вақт фойдаланурлар».

«Сояси латиф, меваси лазиз дарахт» каби олижаноб ва олиҳиммат инсон бўлишни эса шоир айтганидек:

Кўз қарочуғидан ўрганмоқ жоиз,

Ҳаммани кўрар, ўзини кўрмас.

Ғолиб АҲМАД ўғли