Мўмин кишининг нияти икки дунё саодатига эришиш. Бунинг учун унинг хатти-ҳаракати, амали ва сўзи фақат эзгуликка йўғрилган бўлиши лозим. Шу боис атрофидаги инсонларга эътибор қаратиш, айниқса, суҳбатдошнинг муносибини танлаш керак. Халқимизда ажойиб бир нақл бор: “Яхши билан юрсанг, етарсан муродга. Ёмон билан юрсанг, қоларсан уятга”.

Ҳадиси шарифда эса яхши суҳбатдош топишнинг фазилати янада яққол акс этган. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Яхши ҳамсуҳбат ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк (хушбўй нарса) сотувчи ва темирчининг қўрасини пуфловчи босқонга ўхшашдир. Бас, мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ё сотиб оласан, модомики, олмаганингда ҳам ундан ёқимли ҳид қолади. Темирчининг босқонидан эса ё кийиминг куяди ёки ёқимсиз ҳид қолади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳикмат – мўминнинг йўқотган нарсаси, уни қаерда топса олишга, корига яратишга ҳақли экани ҳақида ҳадиси шарифда айтилган. Шу сабаб инсон яхши гапни, хайрли амални кимдан бўлса-да ўрганиши лозим.

Ривоят қилинадики, олим киши оддий бир инсоннинг зиёратига бормоқчи бўлди. Шунда у зотнинг атрофидагилар шундай одам оддий кишининг суҳбатидан қандай наф топиши мумкин, дея ҳайрон бўлдилар.

Олим ўша кишининг зиёратига боргач, уни саволга тутди:

– Бу дунёда дўст ва душманнинг орасида қийналмай яшашнинг сири нимада деб ўйлайсиз?

У киши: «Тўрт нарса сабаб дўсту душман орасида қийналмай яшаяпман, – деб жавоб берди. – Биринчидан, дўстимнинг нотўғри иш қилаётганини кўрсам, хафа бўламан. Иккинчидан, душманимни тўғри йўлга қадам қўйганини билсам, қувонаман. Учинчидан, бировга яхшилик қилсам, севинаман. Шунга қодир қилгани учун Аллоҳга шукрона айтаман. Тўртинчидан, ҳеч қачон ҳеч кимдан бирор нарса тама қилмайман. Менинг хотиржамлигим сири ана шунда».

 

Айюбхон СУПИЕВ,

Тошкент шаҳридаги «Сузук ота» жоме масжиди имом-хатиби