Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадиси шарифларида ҳалол меҳнати билан ризқини топган, аҳли оиласини таъминлаган одам савобларга эришажагини, Аллоҳ таолога яқин ва маҳбуб бўлажагини таъкидлаганлар. Жумладан, “Бирор киши қўли билан меҳнат қилиб, касби орқали еган таомидан лаззатлироқ таом ея олмайди. Чунки Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам касблари орқали тирикчилик қилардилар”, дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий).

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтган: “Сизлардан ҳеч бирингиз “Эй Парвардигор, Ўзинг ризқимни етказгил”, деб кутиб ўтиравермасин, балки талаби ризқ учун харакат қилсин”.

Мўмин барака-муваффақият сўраб Аллоҳ таолога дуо қилар экан, бу йўлда ўзи ҳам саъй-ҳаракат қилиши зарур. Албатта, бунинг учун бирор касб-ҳунарни эгаллаш лозим. Халқимизнинг “Ҳунардан ризқинг унар”, деган гапи бежиз айтилмаган. Қадимдан ота-боболаримиз маълум касби корни мукаммал ўзлаштириб, унинг сир-асрорларини фарзандларга, кейинги авлодга етказишга катта аҳамият берган. “Ота касб”да барака бўлиши таъкидланган. Ўз иши, ҳунарининг шундай усталари бўлганки, уларнинг довруғи бошқа шаҳарларга, ўзга юртларгада тарқалган.

Бугун ҳам мамлакатимизда ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли соҳалар бўйича мутахассислар тайёрловчи таълим муассасаларида йигит-қизлар учун барча шароитлар муҳайё. Йилига минглаб ёшлар уларни тамомлаб, сўнг давлатимиз равнақи учун хизмат қилмоқда. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзилар бу имкониятлардан фойдаланиш, илм олиб, ўз ишининг устаси бўлиш ўрнига бугуни билан яшаётгани, вақтини беҳуда сарфлаётгани ачинарли ҳолдир.

Ҳакимлардан бири айтади: “Ҳалолдан касб қилиш иффатли камбағални гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожини беркитади, пасткаш ғийбатчининг тилини тияди”.

Касб-ҳунар ва меҳнат билан инсон ҳаёти обод бўлади, дунё яшнайди. Дангасалик эса одамга шармандалик, хорлик олиб келади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ожизлик ва дангасаликдан паноҳ сўраганлар. Биз ҳам у зотга уммат ўлароқ, танбалликдан йироқ бўлишимиз ҳамда ҳалол меҳнат билан эл-юртга манфаат келтиришга ҳаракат қилишимиз лозим.

 

Ҳайруллоҳ МИРЗАЕВ,

Тошкент шаҳридаги “Занги ота” жоме масжиди имом-хатиби