Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жаннатга энг кўп киритадиган амал ҳақида сўралди: “Аллоҳга тақво ва ҳусни хулқ”, дедилар. У зотдан яна дўзахга энг кўп киритадиган амал ҳақида сўралди: “Оғиз ва фарж”, дедилар» (Имом Бухорий).

 

Уламоларимиз: “Аллоҳга тақво қилиш У зотнинг азобидан қўрқишдир. Аллоҳ азобидан қўрқиш, гуноҳ ишларни тарк қилиш ва савоб амалларни кўпайтириш билан бўлади”, дейдилар. Ҳусни хулқ энг яхши сифатларни жамлаш, демакдир.

Ҳусни хулқ борасида ўрнак олишга энг муносиб зот Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дирлар. Аллоҳ тао­ло бундай марҳамат қилади: «(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб, 21).

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фаҳш ишларни қилмас ва фаҳш гап­ларни гапирмас эдилар. У зот (алайҳиссалом): “Энг яхшиларингиз хулқи гўзалларингиздир”, дердилар» (Имом Бухорий).

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг одоблиси, энг гўзал хулқлиси эдилар. Барчага муомалада ўта одобли, марҳаматли ва самимий бўлганлар, ҳеч кимга қаттиқ гапирмаганлар, ўзганинг дилини оғритмаганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Албатта мен гўзал ахлоқларни баркамол қилиш учун юборилганман”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг амаллари у зотни чинакам севган умматлари учун ҳаёт мазмунига айланиши лозим.

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил. Ёмонликдан сўнг яхшилик қил, уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”, дедилар» (Имом Термизий).

Одамлар орасида улар қалбига ҳузур, ҳаётига мазмун бахш этадиган сўз ва ҳаракатлар билан муомала қилиш жамиятга кўп манфаатлар келтиради. Наввос ибн Самъон Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўради. У зот (алайҳиссалом): “Яхшилик – ҳусни хулқ. Ёмонлик – кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг”, дедилар» (Имом Бухорий).

Мўмин киши ҳусни хулқ билан, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал хулқлари билан зийнатланиши лозим.

Қамариддин ҚАМБАРОВ,

Янгийўл туманидаги «Хонтўра ҳожи» жоме масжиди имом-хатиби