Аллоҳ таолонинг марҳамати кенг. Унинг гўзал исмларидан бири Раҳмондир. Раҳмон исми Қуръони каримда қирқ беш оятда келган. Раҳмон барчага – Унга имон келтирганларга ҳам, имон келтирмаганларга дунё ҳаётида раҳм қилувчи, неъмат берувчи демакдир.

 

Аллоҳ таоло ер юзида яратган нарсаларнинг баъзилари инсон озиқланишига муносиб бўлса, баъзилари муносиб эмас. Аллоҳ таоло камоли меҳрибонлигидан уларни расуллари орқали бандаларига билдирган.

Қуръони каримда бундай дейилади:

«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир» (Бақара, 168).

«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар...» Яъни, ер юзидаги ҳамма нарса ҳам ҳалол, пок эмас. Уларнинг баъзилари ҳаром ва ифлосдир. Ҳалол ва пок нарсаларни ейишингиз, агар мусулмон бўлмасангиз ҳам, жисмингизга ва ақлингизга фойдалидир. Аксинча, ҳаром ва ифлос нарса ейишингиз жисмингизга зарарлидир. Бу хитоб ер юзидаги барча одамларга қаратилган. Чунки уларнинг ирқи, дини турлича бўлса-да, жисмоний тузилиши бир хилдир. Шу боис Аллоҳ таоло барча инсонларни, уларнинг саломатлиги ва ақлига зарар етказадиган нарсаларни ейишдан қайтарган.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Бу оят Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида тиловат қилинди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб: “Ё Расулуллоҳ! Аллоҳдан мени дуоси қабул бўладиган банда қилишини сўраб, дуо қилинг” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Саъд! Ҳалол нарсаларни есанг дуоси қабул бўладиган банда бўласан”, дедилар».

Баъзилар ҳамма нарсани еса бўлади деб, уларни ҳалол-поклигини суриштирмай еяверади. Ваҳоланки, улар ҳаётлари учун хавфли бўлиши мумкин. Ҳамма нарсани инсон ейиши учун яратилмаган, албатта. Масалан, ҳар биримиз фойдаланадиган оддий нарса. Ёз кунлари келса, биз мўйналик буюмларимизни ҳашаротлар яроқсиз қилиб қўйишидан асраш пайига тушамиз ва буюмларимизни улардан асраш учун восита қидириб қоламиз. Табиийки, кўпчилигимиз уларни сақлашда “нафталин”дан фойдаланамиз. Фарзандларимизни нафталинга яқинлашмасликларини ва уни емасликларини айтиб, огоҳлантирамиз. Чунки унинг зарарли эканини биламиз.

Фенол ҳам шундай. Биз уни сотиб олиб, шишаларни тозалаймиз, шу билан бирга яна фарзандларимизни ундан огоҳлантирамиз. Чунки у ўта зарарли. Лекин уйларимизни тозалашда жуда фойдали. Биз билмаган бошқа нарсанинг ҳам яратилишида ҳикматлар бор. Ҳар бир нарса ўз ўрнида қўлланиши керак. Акс ҳолда зиён устига зиён бўлади.

Яна кўплаб, биз зарарини билмаган нарсалар бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳамма инсонларни, жисмларига ва ақлларига зарар етиб қолмаслиги учун, фақат ҳалол-пок нарсаларни енглар деб огоҳлантиради.

Манбалар асосида

“Дорус салом” жоме масжиди имом-хатиби

Абдулҳамид ЖУМАНОВ

тайёрлади.