Инсон дунёда яшар экан, албатта, бирор касб-кор билан шуғулланиши лозим. Илм ўрганиш каби касб-ҳунарли бўлиш ҳам фарздир.
Касб-ҳунар қилиш фарз бўлгани учун Аллоҳ таоло мўминларга улуғ ибодат – жума намозини адо этиш биланоқ касб жойларига тарқалишларини буюрган.
«Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазлидан истайверинг!..» (Жумъа, 10). Имом Сарахсий «Мабсут» китобларининг “Касб” бобида ушбу оятдаги “ерда тарқалинглар”дан мурод “касбларингизга тарқалинглар” эканини айтади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Касб ўрганиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир”, деганлар» («Мажмаъул анҳар фи шарҳи мултақо ал-Абҳар»).
Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиз: “Аёлларга (қизларга) Нур сурасини ва (ип) йигиришни ўргатинглар”, деб марҳамат қилганлар («Тафсири Қуртубий»).
Пайғамбарлар ҳам бирор касбни эгаллаб, шу орқали ризқларини топганлар. Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ ва Закариё (алайҳимуссалом) дурадгорлик, Идрис (алайҳиссалом) тикувчилик, Иброҳим (алайҳиссалом) газмол сотиш, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик, Сулаймон (алайҳиссалом) тарози ясаш, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёшликларида қўй боқиш, йигитлик давр­ларида эса тижорат билан шуғулланганлар.
Ривоят қилинишича, Довуд (алайҳис­салом) ўзини танитмасдан одамлар орасида юриб, ўзи ҳақида сўрар эди. Бир куни Жаброил (алайҳиссалом) йигит қиёфасига кириб, Довуд (алайҳиссалом)га йўлиқди. Шунда у: “Эй йигит, Довуд ҳақида нималарни биласан?” деб сўради. Йигит эса: “Довуд яхши инсон, лекин унинг бир иши тўғри эмас, касб-ҳунари йўқ, хазина ҳисобидан кун кечиради. Яхши одамлар ўз касби орқали кун кечиради”, деди. Довуд (алайҳиссалом) бу сўзларни эшитиб, ибодатхонага бориб, йиғлаган ҳолда: “Ё Аллоҳ! Менга бир касбни ўргатгин, у билан мен давлат хазинасидан фориғ бўлай”, дея ёлвориб сўради. Аллоҳ таоло (дуосини ижобат қилиб) унга совут ясашни ўргатди ва унга темирни худди хамирдек юмшоқ қилиб қўйди. Довуд (алайҳиссалом) совут ясаб, уни сотиш билан тирикчилик қиларди ва меҳнат қилиб топганидан одамларга ҳам садақа берарди.
Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таом­ларингиз­нинг энг яхшиси ўз касб­ларингиз орқали еган таомларингиздир. Биродарим Довуд ўз қўли билан қилган касбидан тирикчилик қилар эди”, деганлар.
Улуғ саҳобалардан ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) газмол сотиш, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) теричилик, ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) тижорат, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) эса баъзида мардикорчилик билан шуғуллангани маълум.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пешона тери билан тирикчилик қилиб, бола-чақа боқаётган саҳобаларни доимо мақтар эдилар.
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саъд ибн Муоз (розияллоҳу анҳу) билан қўл бериб кўришганларида унинг икки қўли қавариб, қадоқ бўлиб кетганини кўриб, сабабини сўрадилар. Саъд ибн Муоз: “Фарзандларим ризқи учун ишлаганим сабабли қўлларим қадоқ бўлди”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг қадоқ қўлларини ўпиб: “Бу кафтларни Аллоҳ яхши кўради”, деб марҳамат қилдилар» («Ал-исоба фий тамйиз ас-саҳоба»).
Имом Сарахсийнинг «Мабсут» китоб­ларида: “Касб ўрганиш намоздан кейинги фарздир”, дейилган. Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳалол (касб)­ни талаб қилиш қаҳрамонлар курашига ўхшайди, ҳалол (касб) талабида жон-жаҳди билан ишловчи кимса вафот этса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўлади”, дедилар.
Тариқат пирларидан Хожа Аҳмад Яссавий дурадгорлик, Саййид Амир Кулол кулолчилик, Баҳоуддин Нақшбанд газмолларга нақш солиш билан шуғулланганлар.
Баҳоуддин Нақш­банд (1318–1389) яшаган даврнинг кўп қисми мўғуллар босқинига тўғри келди. Мўғуллар Ўрта Осиёни босиб олган даврда ҳунармандларни ўлдириб, қол­ган­ларни қул қилиб юрт­ларига олиб кетарди. Мўғул­лар зулми сабабли Мар­казий Осиёда иқти­содий ҳаёт издан чиққан, ҳунар­­манд­чилик деярли тўх­таб қолган эди. Баҳоуддин Нақш­банд жамият ҳаётини қайта изга солиш, одамлардан машаққат, зулмни кетказиш, уларнинг бошқаларга юк бўлиб қолмаслиги учун муридларига бирор касб эгаллашни шарт қилиб қўйган эди.
«Барқияту Муҳаммадия фи шарҳи тариқати Муҳаммадия ва шариати набавия» китобида “Яшаш учун зарур маблағларга эга бўлиш мақсадида бирор касбни эгаллаш фарздир. Касб эгаллаш Қуръонда қатъий далил билан келгани учун уни инкор қилган одам диндан чиқади”, дейилган.
Бугунги кунда мустақил юртимизда ёшларимиз муайян касб-ҳунар эгаси бўлишлари учун юзлаб коллежлар фаолият юритмоқда. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурига кўра, тўққиз йиллик мажбурий таълимдан сўнг уч йиллик касбга йўналтирилган таълим муассасалари фаолияти янги ҳаётга қадам қўяётган ёшларимиз учун давлатимизнинг катта ғамхўрлигидир. Касб-ҳунар коллежларида ўқиётган ёшларимиз уларга ўргатилаётган касбларини пухта эгалласалар, улуғ аждодларимизга муносиб авлод сифатида дунё ва охиратлари обод бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар; “Албатта, Аллоҳ таоло муайян касб билан шуғулланувчи (ўз касбини яхши биладиган) етук малакали бандани яхши кўради”. Ёшларнинг яратиб берилган имкониятлардан фойдаланмасликлари, яъни касбларни эгалламаслик­лари неъматларга ношукр­лик бўлади. Демак, ўқувчи ва талабалар таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш учун масъул бўлсалар, устозлар, мураббийлар уларнинг иштиёқ, истеъдодларини сўндирмай, илм ва касб-ҳунар сирларини ўргатишлари зарур. Ота-оналар эса фарзандларимиз учун яратиб берилган қулай шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, фарзандларнинг билимли, касб-ҳунарли бўлишларини таъминлашга жавобгардирлар. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бирингиз бошлиқсиз, ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга масъулсиз”, деганлар.
Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ