Шукр сўзи луғатда “миннатдорлик, розилик” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса яхшилик қилувчининг яхшилигини мамнунлик билан эътироф этишни “шукр” дейилади. Шукр уч хил: қалб шукри, тил шукри, амалий шукр. Ҳар бир инсон ато этилган барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини билиб, унга иқрор бўлиши қалб шукридир. Ҳамиша Аллоҳ таолодан миннатдор бўлиш, унга ҳамду сано айтиш тил шукридир. Тоат-ибодатда давомли бўлиш, солиҳ амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш амалий шукр бўлади. Инсонларнинг ўзаро муносабатидаги шукр яхшиликларни ёдлаш, эзгу ишларга амалий ёрдам кўрсатиш билан адо этилади. Шукрнинг самараси – қаноат, тежамкорлик, розилик ва мамнуниятдир. Шукрнинг акси эса ношукрлик, яъни куфрона неъматдир. Ношукрлик ҳирс, исроф, кибру ҳавога берилиш каби ёт иллатларга бошлайди. Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, етган мусибатларга сабрли бўлиш комил мўминнинг хислатларидандир. 
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, но­шукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152) «Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи Зотдир» (Нисо, 147).
Аллоҳ таолога қанча шукр қилсак, шунча кам. Зеро, юртимиз тинч-осуда, ёшлар учун билим масканларининг эшиги доим очиқ, бозорларимизда тўкин-сочинлик, кексаларимиз эъзозда. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати. Шунинг учун қанча шукр қилсак, оз.
 
Абдулвоҳид ИСОҚОВ, 
Наманган вилояти Косонсой тумани “Имом Ҳусайн” жоме масжиди имоми ноиби