Ислом дини қайтарган ҳар бир нарса аслида инсониятнинг манфаати ва камолоти учундир. Ароқ ҳаром қилинди, чунки у инсоннинг ҳам ақли, ҳам жисми учун зарар етказади. Худди шунингдек, ёлғон ҳам жамият ривожига тўсиқ бўлгани, инсонларнинг аҳиллигига путур етказгани учун ҳам кариҳ кўрилади. 
Қуръони карим ва ҳадиси шарифда жуда кўп ўринларда ёлғондан қайтарилиб, унинг зарарлари бот-бот такрорланади. Қуръони каримнинг Зумар сурасида: «…Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва ношукур кимсаларни ҳидоят қилмас» дея марҳамат қилинган бўлса, Сафвон ибн Сулайм (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда ёлғон ҳақида бундай дейилади: «“Эй Аллоҳнинг расули, мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўрашди. “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин бахил бўладими?” деб сўрашди. “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, мўмин ёлғончи бўладими?” деб сўралди. “Йўқ”, дедилар”» (Имом Молик ривояти). 
Яъни мўмин кишида бахиллик, қўрқоқлик каби қусурлар бўлиши мумкин, бироқ ёлғончилик каби ёмон иллат бўлмаслиги уқтирилмоқда. Чунки ёлғон жамиятга ҳам, инсонларга ҳам зарар етказади. Аввало ёлғон гапирган одам кўпчилик орасида шармандаи шармисор бўлади,  гапининг субути қолмайди. Ёлғон эгасини дўзахга элтади. Шунингдек,  кишининг дин ва диёнатини бузади. Энг асосийси, кишилар ўртасини бузиб, бир-бирига нисбатан кин-адоват солиб қўяди.
Шу сабаб динимиз ёлғонни гуноҳ санайди. Фақат ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда истисно тариқасида ёлғон ишлатишга рухсат берилган. Бу ҳақда   Умму Кулсум бинти Уқба (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Агар уч ўринда бўлса, «ёлғончи ҳисобламайман», дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одам. У бир гапни айтади-да, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди; урушда гапирган киши; ўз хотинига сўз айтган эр ҳамда ўз эрига сўз айтган хотин» (Имом Абу Довуд ривояти). 
Одамлар орасини ислоҳ қилишда. Ислом шариатида мўмин кишиларнинг бир-бирлари билан уришиб, аразлашган ҳолда юришлари жуда ёмон иш саналади. Суннати набавийда мусулмон кишининг мўмин биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши мумкин эмаслиги эслатилган. Чунки бундай низолар аввало кишиларнинг хусуматлашишига, охир оқибат эса жамият ўртасида  адоватнинг илдиз отишига сабаб бўлиш эҳтимоли бор. Бундай бало-офатнинг олдини олиш,  тинчликни таъминлашга ҳаракат қилиш лозим. Шу сабаб бу ўринда айтилган ёлғон, яхшилик учун айтилган ҳисоб­ланади.
Иккинчи ҳолат – урушда ғалаба қозониш учун айтилган ёлғон. Чунки урушнинг ўзи ҳийла-найрангдир. 
Учинчи айтиб ўтилган ўрин эса оила аҳиллигини таъминлаш учун ишлатилган ёлғон. Жамият тараққиётида  оилаларнинг тинчлиги, аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Чунки осуда оилада вояга етган болалар ҳар жиҳатдан салоҳиятли бўлиб камол топади, элу юртга нафи тегади. Ота-онанинг жанжалларига гувоҳ бўлган болалар эса аксинча. Шу сабаб эр-хотин ўртасидаги тотувлик муҳим. Ана шу аҳилликни сақлаш, қолаверса, келажак авлод камолини таъминлаш учун эр-хотин бир-бирларига яхши маънода ёлғон гап айтишлари мумкин. 
Ушбу уч ҳолатдан бошқа ўринларда зарурат бўлса ҳам, яхши ёки ёмон мақсадда ёлғон  гапириш мумкин эмас. 
Бундан кўриниб турибдики, динимиз барча ҳолларда фақат бандаларнинг фойдасини, уларнинг манфаатини кўзлайди. Аллоҳ таоло бизга раво кўрган ана шу манфаатларни тўлалигича олишга барчамизни Ўзи қодир айласин!   
 
Муҳаммад Абдуллоҳ БАҲРОМОВ, 
Тошкент шаҳридаги «Ҳазрати Имом» жоме масжиди имоми ноиби