Динимизнинг бош манбаси саналган Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қариндош-уруғчилик ришталарини мустаҳкам боғлашга, қўни-қўшничилик одобларига риоя этишга чақирилади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунинг­дек, қариндошлар, етимлар, мис­кинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибр­ли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо 36).
Ушбу оят тафсирида уламолар шундай ёзадилар: “Агар қўшни мусулмон ҳамда қариндош бўлса, унинг мусулмон қўшнисида 3 та ҳақи бордир: 1) мусулмончилик ҳақи; 2) қариндошлик ҳақи; 3) қўшничилик ҳақи. Агар бегона бўлса 2 та ҳақи бўлади: қўшничилик ҳақи ва мусулмончилик ҳақи. Бордию, ғайридин бўлса, битта ҳақи бўлади, яъни қўшничилик ҳақи”. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам жуда кўп ўринларда қўни-қўшничилик алоқаларини тиклашга чорлаганлар. Абу Шурайҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! – дедилар.
– Ким, эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)? – дейилди.
– Ёмонлигидан қўшниси омон бўлмаган одам, – дедилар”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим”,  дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Мўмин-мусулмон киши ана шу кўрсатмаларга тўлиқ амал қилиши, қўшнисига яхши ва  чиройли муомалада бўлиши лозим. Унинг феълидан, тилидан, амалидан қўшнисига асло зарар етмаслиги керак. Шу билан бирга хайр-эҳсон, ҳадя, садақа беришда аввало энг яқин қўшнидан бошлаши шарт. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Ё Расулуллоҳ, менинг икки қўшним бор. Улардан қай бирига ҳадя қилай? – дедим.
– Сенга эшиги яқинига, – дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Динимиз тинчлик-осойиш­талик дини. Қўшничилик ҳақларига риоя этиш билан жамиятдаги инсоний алоқалар мустаҳкамланади, бу эса ўз нав­батида юртни кучли, қудратли  бўлишида  хизмат этади. 
Халқимиз  қўшничилик шартлари ва одобларига тўлиқ амал қилиб келган. Бир-бирлари билан таом улашиш, оғирини енгил қилиш, ён-­атрофдаги қўни-қўшниларни чақириб ҳашар уюштириб, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзганлар. Натижада халқимиз ўртасида меҳр-оқибат, мурувват каби гўзал фазилатлар шаклланган. 
 
Қодиржон УМРЗОҚОВ,
Поп туманидаги «Муҳаммаджон қори» жоме масжиди имом-хатиби