Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда зикр қилинган “зулм” ёмонликларнинг энг каттаси ҳисобланиб, инсонлар орасидаги меҳр-мурувват, силаи раҳм, оилалар мустаҳкамлигига путур етказади. Ботил йўл билан бойлик орттириш, етим молини ейиш, одам ўлдириш, туҳмат қилиш ва ҳоказолар зулм саналади.
Зулм туфайли кишининг ҳақларига зарар етгани сабабли ҳам Аллоҳ таоло уни ҳаром қилган. Бу борада ҳадиси қудсийда: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Парвардигор азза ва жалла айтади: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг» (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).
 
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Зулмдан сақланинг­лар. Зеро, зулм қиёмат куни зулмат бўлур...» (Имом Муслим ривояти).
Киши аввало, зулмдан тийилиши керак. Агар  мўмин билмай ёки жаҳл устида золимлик тўнини кийган бўлса, уни дарҳол “ечиши” лозимлигини Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида уқтириб ўтганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир биродарининг номуси ёки бошқа нарсасига зулм қилган бўлса, динору дирҳам топилмайдиган (кундан) илгари қутулиб олсин. Акс ҳолда, унинг яхши амалларидан зулмига ярашаси мазлумга олиб берилади. Борди-ю яхшиликлари бўлмаса, мазлумнинг ёмонликларидан олиниб, унга юкланади”» (Имом Бухорий ривояти). Бу эса жуда ёмон оқибат. Киши учун ҳар бир яхшилиги муҳим саналган онда савоблардан маҳрум бўлиш ёки гуноҳлар оғирлик қилиб турганда янгисини елкага олиш надомат устига надоматдир.
Бугунги кунда одат тусига кириб кетган айрим ишлар борки, уларнинг зулм эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. 
Масалан, қурби етатуриб, олган қарзини тўламай юришни олсак. 
Бу аслида катта зулмдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: «Бойнинг (қарзни тўлашни) пайсалга солиши зулмдир» (Муттафақун алайҳ). Бошқа бир ҳадисда эса бундай деганлар: «Қодир одамнинг (қарзни тўлашни) кечиктириши зулм бўлиб, шаънига ёмон гап айтиш ва уни жазолаш ҳалол бўлади», дейилган (Имом Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти). Чунки қарз олган киши вақтида қарзни қайтармас экан, қарздорнинг мулкига зарар етади. Молини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлай олмайди. Ҳатто баъзи ҳолларда қарз берган кишининг ўзи моддий жиҳатдан ёмон аҳволга тушиб қолади. Шу туфайли қарзни вақтида тўлашга чорланган.
Аёлнинг маҳр, нафақа, ки­йим-кечак таъминоти каби ҳақларини адо этмаслик ҳам аслида зулм саналади.
Маълумки, қиз болага масъул унинг отаси. Агар отаси бўлмаса, ака-укаси унинг учун жавобгар саналади.Турмушга чиққанидан кейин эса бу масъуллик умр йўлдошининг зиммасига юкланади. Ҳозирги кунда айрим эркаклар, бу ҳаққа у қадар риоя этмай қўйганлар. Кўплаб тушунтириш­лардан, имом-хатибларнинг никоҳ хутбаларидан сўнг маҳр қисман ўталадиган бўлди. Бироқ аёлнинг кийим-кечаги, нафақаси, бошқа зарурий эҳтиёжлари  ортга сурилади. Аксар ҳолларда  бошида унга масъул завжи туриб, аёлнинг аянч аҳволда қолганини кўрган ота-онаси зарур эҳтиёжларини таъминламоқда. Ваҳоланки, аёлни бундай муҳтож аҳволга солиб қўйиш ҳам унга нисбатан зулм ҳисоб­ланар экан. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Қарамоғидагиларни зое қилиш (қаровсиз қўйиш) кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади» (Имом Абу Довуд, Насоий ва Ҳоким ривояти). Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Аллоҳ ҳар бир бошлиқдан қўл остидагиларни сақлаганми ёки зое қилганми, албатта сўрайди. Ҳатто кишидан аҳли оиласи ҳақида ҳам сўралади» (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Ҳатто мардикор ишлатиб, ҳақини бермаслик ҳам зулмдир.
Динимиз барча  ўринда адолатни тарғиб қилади. Жумладан, бирор инсонни ишлатганда ҳам пешона тери қуримай туриб ҳақини беришга чақирилади. Бировнинг ҳақини бермаслик эса зулмдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Аллоҳ таоло деди: «Мен уч тои­фа одамга хусуматчи – рақибман ва кимга хусуматчи бўлсам, уни аниқ енгаман. Улар: Менинг номим билан берилган нарсага хиёнат қилган, ҳур одамни сотиб пулини еган, мардикор ёллаб, ҳақини бермаган кишидир» (Имом Бухорий ривояти).
Зиммасидаги қарзни инкор қилиб ёлғон қасам ичиш ҳам зулм бўлади.
Хожа Аҳмад Яссавий: “Киши молини ема, сирот узра тутаро”, деганида минг бор ҳақ эди. Бировдан қарз олиб, уни ёлғон қасам билан олмаганман, деб тониб юбориш кишининг ҳам шаънига, ҳам молига тажовуздир. Чунки бу воқеани кўрганлар унинг аслини билмасалар, берувчи ҳақида нотўғри фикрга бориш­лари, ёлғончи гумон қилишлари мумкин. Шунингдек, у меҳнат қилиб пешона тери эвазига топган мулки ундан куч ва ёлғон билан олиб қўйилади. Бу ҳам зулм сирасига киради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким (ёлғон) қасам ичиб, мусулмон кишининг ҳақини ўзлаштирса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга дўзахни вожиб этиб, жаннатни ҳаром қилади”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, арзимаган нарса бўлса ҳамми?” деб сўрашди. У зот: “Бутанинг новдаси бўлса ҳам”, деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Шурайҳ Қози: “Золим жазо-уқубатни, мазлум эса нус­рату савобни кутиб турганини жабр қилувчилар яқинда билиб олишади”, деган эканлар. Истагимиз, мўмин киши зулмдан йироқ бўлиб, келиши аниқ бўлган уқубатдан ўзини ҳимоя қилсин!
 
Меҳмонали ҒУЛОМОВ, 
Қашқадарё вилоятидаги "Санчиқул" жоме масжиди 
имом-хатиби