Рамазони шариф қалбимиз ва ахлоқимизни ислоҳ қилишимизга қулай фурсатдир. Шундай экан, қалбимизни хасталантираётган ғуборлардан поклаш онларидан фойдаланиб қолайлик. Пайғамбаримиз сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Огоҳ бўлинг! Танангизда бир парча гўшт бор, агар у соғ бўлса, бутун жасад соғдир. Агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у– қалбдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
 
Мўмин банда қалбига эътиборли бўлиб, уни доимо пок тутиши зарур.
Ҳазрат Алишер Навоий айтади: “Кўнгил бадан мулкининг подшоҳидир. Кўнгилнинг саломатлиги баданнинг ҳам саломатлигидир”.
Донишмандлар инсон қалбини бундай таърифлайди: 
“Инсон қалби – мулойимлик, ихлос, камтарлик, саховат, ризо, умид каби бўстонлардан иборатдир”.
Инсон ушбу бўстонларга бирма-бир кириб, қалбидаги турли жоҳиллик, дангасалик, адоват, ҳасад, риё, бадгумонлик, такаббурлик, манманлик, қайсарлик, ноумидлик, тушкунлик каби ёмон иллатларни йўқотиши, ўрнини илму ҳунар, ҳалимлик, ихлосу муҳаббат, камтарлик, шукр, умид ва ишонч каби фазилатлар билан тўлдириши керак.
Донолар айтади: “Сен ўзинг­ни кўрмоқ истайсанми? У ҳолда кўзгудаги ташқи қиёфангга эмас, ичингдаги кўзгуга боқ”. 
“Агар банда ўз қалбида Аллоҳга бўлган муҳаббат лаззатини тотса, у ўз нуқсонларини кўра бошлайди. Шунда у ўзгалардан айб қидирмай, фақат ўз хатолари билан машғул бўлади”, дейди  Робия Адавийя.
Ҳазрат Абу Ҳомид Ғаззолий “Мукошафатул қулуб” китобида бундай дейди:  “Аллоҳ бир бандасига хайр (яхшилик) ато этмоқчи бўлса, уни ўз камчиликларини кўрадиган қилиб қўяди. Ўз айбларини билган кишида уни даволаш имкони туғилади. Лекин инсонларнинг кўпи ўз қусурларини кўрмайди. Баъзан киши бир мўмин қардошининг юзидаги тариқдай кирни  кўради-ю,  аммо ўзида ёнғоқдай доғ бўлса ҳам, уни кўрмайди. Кимки ўз камчилик­ларини билишни истаса, ниҳоятда тўғрисўз, пок қалбли киши билан дўст тутиниши лозим. Шунда дўсти унга зоҳирий ва ботиний нуқсонларини айтиб, танбеҳ бериб туради”.
Қалб хотиржамлигига эришишни истаган киши Қуръони каримни тиловат этиши, Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг муборак васиятларига амал қилиши ва яхши инсонларнинг насиҳатларига қулоқ тутиши зарур.
 
Акмал ИСМОИЛОВ,
Чироқчи тумани “Турсун Болтахон”
жоме масжиди имом-хатиби