Истиғфор – Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўрашдир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «(Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур. Агар юз ўгирсангиз, бас, мен сизларга Улуғ кун (қиёмат) азоби (етиши)дан қўрқаман». (Ҳуд, 3).
Банда ҳар кеч уйқуга ётишдан олдин кун бўйи билиб-билмай қилган хатолари учун чин дилдан истиғфор айтиши лозим. Агар саломат тонг оттирса, эрталаб ҳам чин ихлос билан истиғфорни айтсин. Шунда, иншоаллоҳ, Аллоҳ таоло гуноҳларини авф этади.  
Гуноҳлардан тийилмай истиғфор айтаверишнинг ҳеч қандай фазли йўқ. Бундай тавбадан фақат банданинг тили чарчагани қолади, холос. Чунки тавбамиз қабул бўлишининг шарти гуноҳларни қайта қилмасликка аҳд қилишдир. 
Гуноҳларни кичик санаб, уларда бардавом бўлиш билан инсон фақат ўз жонига зулм қилади. “Тома-тома кўл бўлур”, деганларидек, кичик хатолар тўпланиб улуғ надомат бўлади. Шу сабаб инсон доимо Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмай, унинг авфини сўраши лозим. Зеро, Жаноби Ҳақнинг Ўзи яратиқларини шунга чақиради: «(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”» (Зумар, 53).
 
Маҳмудахон МУХТОРОВА, 
Сирдарё вилояти Боёвут тумани.