Яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи раҳм – инсон зийнати эканлиги ҳақида динимизнинг асосий манбалари – Қуръони карим ва ҳадисларда таъкидланган.
«Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилинг!» (Мунофиқун, 10). Банда садақа бериши билан Аллоҳ таоло унинг мол-дунёсига барака ато қилади. Бу хайрли амални, хусусан, муборак Рамазон ойида амалга оширсак, иншааллоҳ, ҳисобсиз яхшиликларга эришамиз.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Садақа­ни ошкор қилсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир» (Бақара, 271). Кўприк, йўл қуриш, ариқ очиш каби хайрли ишларни яшириб бўлмайди. Лекин фақир кишиларга эҳсонни махфий бериш яхши. Бу камбағални хижолатдан қутқаради. Шунинг учун, яширин эҳсон энг афзал ва ихлосга яқин ҳисобланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) садақани яширин берган мўминни мақтаб, у қиёмат кунида Арш соясидан паноҳ топишини айтганлар. 
Оғир касалга чалинганда ёки ўлим онида қилинган эҳсондан кўра, саломатликда ва куч-қувватга тўлган вақтда берилган садақа фазилатлидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: «Садақанинг афзали соғлом ҳолда бойишни орзу қилиб, камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб турганингда берганингдир. Жонинг ҳалқумингга келганида: “Фалончига бунча, пистончига бунча”, деб юрма. Ваҳоланки (бу нарсалар) фалончиники бўлиб бўлган» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Садақа фақат (ўзи ва аҳли) эҳтиёжидан ортганидан берилади”, деб айтганлар (Имом Бухорий). Бағавий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Агар киши эҳтиёжидан ортган молини садақа қилмоқчи бўлса-ю, фақирлик фитнасига тушиб қолишдан қўрқса, ўзига етадиган егуликни олиб қолишда ихтиёрлидир. Акс ҳолда, афсусланиб садақасининг савобини кетказиб қўйиши ёки бошқаларга қарам бўлиб қолиши мумкин.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) имонининг қуввати ва таваккулининг кучлилигини билганлари учун ҳамма мулкини олиб чиққанда уни тўхтатмаганлар.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: “Мискинга берилган эҳсон садақадир. Қариндошга берилса, ҳам садақа, ҳам силаи раҳм бўлади” (Имом Аҳмад). Муҳтож қариндошлар бўлмаса, етимга ва адоватини сир тутадиган қариндошга берилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Садақанинг афзали (кўнглида) наф­рати бор қариндошга берилганидир” (Имом Термизий).
Садақаи жориянинг савоби киши вафот этгандан сўнг ҳам давом этади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: “Мўминга вафотидан кейин ҳам савоби етиб турадиган амали ва яхшиликлари: ўргатган илми ва қолдирган солиҳ фарзанди ёки мерос қолдирган Қуръони, ёки қурган масжиди, ёки мусофирлар учун қурган уйи, ёки қазиган ариғи, ёки соғ ва ҳаётлик чоғида ўз молидан чиқарган садақасидир” (Ибн Можа).
Садақа мўминни Аллоҳ таолога яқин­лаштирадиган энг афзал амаллардан. Агар банда мол-мулкини Аллоҳ таолонинг тоати учун сарфласа, Парвардигорнинг неъмати унга тугал бўлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Солиҳ киши учун манфаатли мол қандай ҳам яхши неъматдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий).
 
Тошкент ислом университети талабаси
Саидрасулхўжа САЙДАЛИЕВ
тайёрлади.