Устозлардан бири: “Эй Раббим, дилозорликдан асрагин”, деган дуони кўп такрорларди. Кейинчалик англадимки, бу тилак Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Мўминлар тили ва қўлидан саломат бўлган киши чин мусулмондир”, деган ҳадисларига ихлосу ишонч ифодаси, унга амал қилишнинг илк намунаси экан.

Тил ва қўл инсоннинг қалбига бўйсунади. Демак, мўмин фикран, қалбан ҳеч кимга озор истамайди.
Кундалик ҳаётда учрайдиган баъзи воқеалар хаёлда жонланаверади: эрта тонгдан кўчаю йўлакларни супуриб, тозалаётган фаррошлар... улар тонг ғира-ширасида иш бошлашади, одамлар озодаю саришта йўллардан юриб ўтишларини, кўнгиллар равшану шод бўлишини тилайдилар. Лекин биз нима учун ҳар доим ҳам шунга муносиб жавоб қайтармаймиз? Топ-тоза йўлакларга, чиройли гулу буталар экилган жойларга ҳар хил чиқиндилар ташлаб кетамиз. Бу – фаррошларга, шу йўллардан ўтгувчи одамларга ҳурматсизлик эмасми?
Ишга, ўқишга... ва бошқа сабаблар билан кўпчилик жамоатчилик транспортидан фойдаланади. Яқинда... ўрта ёшли бир киши автобусга чиқди-да, орқароқда ўтирган нозиккина йигитнинг ёнига бориб: “Жой бермайсанми?” деди. Йигит ўрнидан қўзғала бошлаши билан унинг ногиронлиги сезилди. Нариги ўриндиқдаги бир қиз чаққон ўрнидан туриб: “Амаки, мана бу ерга ўтиринг”, деди. Лекин ҳалиги эркак ноқулай аҳволда қолган йигитга: “Отанг тенгги одам ўзи сўрамагунича жойингдан қўзғалмайсан-а”, деди дағдаға билан ҳаммага эшиттириб. Йигит қийналиб қадам босганича бошини кўтармай автобусдан тушиб кетди. Унга етган озордан кўпчиликнинг дили озор чекканди. Лекин... жойга ўрнашиб олган ҳалиги киши ўзининг ҳақлигини исботлашга уриниб чарчамасди...
Бозорнинг чеккароғида олма сотиб ўтирган отахонга яқинлашиб, мева нархини сўрадим.
– Деҳқончилик, ўзимизнинг боғимизда пишган, – деди ота. – Нархини келишаверамиз.
Кейин чиройли олмаларни тарози палласига соларкан, изоҳ берди: “Набиралар теришган. Уринганлариниям қўшиб юборган бўлиши мумкин”. Ҳақиқатан ҳам, лат еган олмалар аралашиб қолган экан, ота уларни чеккага олиб қўйди. Шунда... молини мақтаб-мақтаб, харидорнинг кўзини шамғалат қилиб чув туширадиганлар ҳам борлиги хаёлдан ўтди. Бу ҳам дили, ҳам тили, ҳам қўли билан озор етказиш эмасми?
Ўзини бошқалардан юқори қўймай, ўзига муносиб деб билган яхшилик, эзгулик, манфаатларга бошқалар ҳам лойиқ эканини тан олиб, бу фикрига амал қилиб яшаган инсоннинг атрофдагиларга, жамиятга ҳурмат-эҳтироми самимий бўлади. Эзгу ният, яхшиликка интилиш бўлган қалбда ёруғлик, хотиржамлик барқарор.
Дарвоқе, мўмин ўзгалар қалби­ни асраб-авайлашга интилганда, аввало ўзини ўзи озорлардан ҳимоя қилар экан-да...
 
Муҳтарама УЛУҒОВА