“Кимки одамлардан ҳаё қилмаса, у Аллоҳдан ҳам уялмайди” (Имом Табароний ривояти).
Ориятли, андишали, кам­тар-камсуқум инсонга нисбатан атрофдагиларнинг ҳурмати ўзгача бўлади. Бундай кишилар ўз ахлоқ-одоби, ширин муомаласи билан жамият эътирофини қозонади.
Нўширавон Бузургмеҳрдан сўрашди: “Ёшлардаги қайси фазилат яхшию кексалардаги не хислат аъло?” Вазир жавоб қилди: “Ёшлардаги шарм-ҳаё ва шижоат, кексалардаги донолигу вазминлик”. Ўтмишда айтилган ушбу пурҳикмат сўзлар ўз қимматини ҳамон йўқотмаган. Зотан, инсоннинг маънавий баркамоллигини белгиловчи асосий омиллар ҳаё, орият, андишадир.
Булар комил инсонга хос бўлган, эзгуликка, яхшиликка, одамийликка етаклайдиган гўзал фазилатлардир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ҳаё имоннинг бир шохобчасидир! Ҳаё  фақат яхшилик келтиради” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Турли беҳаё сўзлар айтмасдан, ўзини таъна-маломатларга қўймасдан умргузаронлик қилаётган инсонларда ана шу фазилатлар мужассам бўлади. Абу Масъуд Уқба ибн Амир Ансорий Бадрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Одамлар орасида аввалги пайғамбарлардан сақланиб қолган бир гап шу: агар уялмасанг, хоҳлаган ишингни қил!” (Имом Бухорий ривояти).
“Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, баъзи ёшларнинг, ҳатто катта ёшдаги кишиларнинг ўзаро муомалада ножоиз сўзлар айтиши, бир-бирини ҳақоратлаши каби ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Гоҳо бозорларда арзимаган нарса талашиб, оғзидан беандиша гап­лар чиқаётган аёлларни кўрган одам ҳайратдан ёқа ушлайди. 
Ислом дини ҳар бир мусулмон ва муслимадан ҳам қалб поклиги, ҳам тил софлиги, ҳам ташқи орасталикни талаб этади. Шарм-ҳаё кийинишда, юриш-туришда ҳам намоён бўлади. Минг афсус­ки, жамоат жойлари, кўча-кўйда миллийлигимизга мутлақо тўғри келмайдиган либосларда юрган баъзи йигит-қизлар учраб туради. Надоматлар бўлсинки, бу "оммавий маданият" ниқоби остида юртимизга кириб келаётган салбий таъсирлардир. Аммо инсон ҳар қандай шароитда ўзлигини унутмаслиги, ахлоқ-одоб, маданият, кийи­ниш, муомала қоидаларига риоя қилиши зарур. 
 
Неъматулла САЪДУЛЛАЕВ