Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Парвардигорини ёдга олувчи билан Парвардигорини ёдламайдиган кимсанинг мисоли ўлик билан тирикнинг мисоли кабидир”, дедилар» (Бухорий ривояти).
Ҳадиси қудсийда бундай келган: “Мени муттасил эслаши Мендан бирор нарса сўрашидан тўсиб қўйган кишига сўровчиларга ато қилганимдан кўра яхшироқ нарсаларни ато қиламан” (Байҳақий ривояти).
Темирни занг босганидек,  баъзан инсон қалбини ҳам занг қоплайди. Давомли ғафлат ва гуноҳлар бунга сабаб бўлади. Бу занг Аллоҳ таолони эслаш – зикр билан, чин тавба билан кетказилади. Аллоҳ таолони зикр қилиш барча дардларнинг шифосидир. Ғафлат эса кўп касалликларнинг бошланишидир. Аллоҳ таолони эслаш, чин тавба қилиш банданинг ўзини ўзи тафтиш қилиб, текшириб туришига, ёмонликлардан четланишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таолони зикр қилиш ва истиғфор айтишнинг фазилатлари жуда кўп:
– шайтонни қувади, уни ожиз қилади;
– қалбдан ғам ва қайғуни кетказади;
– юракка шодлик ва сурур бахш этади;
– кўнгилга Аллоҳ таолодан қўрқувни жойлайди;
– тилни ғийбат, чақимчилик, ёлғончи­ликдан, фаҳш, ноҳақ сўзларни гапириш каби гуноҳлардан асрайди;
– инсон учун бу дунёда ҳам, қабрда ҳам нур бўлади;
– қалбни юмшатади, уни кўп яхшилик­лар қилишга бошлайди;
– фаришталар худди тавба қилувчининг ҳақига истиғфор сўраганлари каби, Аллоҳни ёд этувчининг ҳақига ҳам истиғфор сўрайдилар.
Ҳадисларда намоздан кейин, мажлислар ва суҳбатлар сўнгида, ташвишли ҳодисалар юз берганида Аллоҳни ёд этиб, истиғфор айтишга тарғиб қилинади. Истиғфор айтиш билан ибодатлар ва сўзларда содир бўлган хато ва гуноҳлар кечирилади.
Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида қуёш тутилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қўрқиб ўринларидан турдилар ва масжидга келиб, қиём, руку ва саждалари ниҳоятда узун намоз ўқидилар. Мен ҳеч қачон бундай қилганларини кўрмаган эдим. Кейин айтдилар: “Бу аломатлар бировнинг ўлими ёки ҳаёти учун содир бўлмайди. Лекин Аллоҳ булар билан бандаларини огоҳ қилади. Бас, агар бу ишлардан биронтасини кўрсаларинг, Аллоҳни ёд этинглар, Унга илтижо қилишга ва истиғфор айтишга шошилинглар”» (Имом Бухорий ривояти).
Демак, Аллоҳни ёд этиш, Унга  кўп истиғфор айтиш инсоннинг икки дунёсига ҳам манфаат берадиган эзгу амалдир.
Турсунали ЭРБЎТАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби