Аллоҳ таоло ато этган ризққа ҳар бир инсон қаноат ва шукр қилиши лозим. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари ҳамда оилалари учун содда ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр қилганлар. У зотнинг бундай қилиши тўкин ҳаёт кечириш имкониятлари йўқлигидан ёки ноилож қолганларидан эмас, балки фақирона кун кўришни афзал билганларидандир. Расулулллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг завжаи мутоҳҳаралари ҳам сабр ва қаноатлиликда бошқаларга ўрнак бўлганлар. 

Аллоҳ таборака ва таоло бундай марҳамат қилади: “Эй Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай! Борди-ю, Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб, 28–29).

Муҳтарама оналаримиз Аллоҳнинг ризосини, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга яшашни ихтиёр этиб, борига қаноат қилиб, бошқа муслима аёлларга ўрнак бўлиб камтарона ҳаёт кечирдилар. 

 Қадимда улуғ зотларнинг солиҳа аёллари ва фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: “Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош беролмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келишдан сақланинг”, дер эканлар.
Афсуски, айрим ватандош­ларимиз оилалари бағрида бўлиб, топиб турган ризқларига қаноат қилмай, ишлаш учун ўзга юртларга бориб, манфур кимсаларни алдовига  учиб, одам савдоси қурбонига айланишяпти. Баъзилари ҳар хил оқимларга  қўшилиб,  разолат ботқоғига ғарқ бўлиб, ёвуз кимсаларга айланишяпти.
Доно халқимиз: “Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши”, дейишган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши  батаҳқиқ нажот топибди” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки нафснинг тўқлигидадир” (Муттафақун алайҳ), дейилади.
Демак, хотинлар ўз эрларидан, фарзандлар ота-оналаридан уларнинг тоқатидан ортиқ нарсани талаб қилмасликлари, балки борига қаноат қилиб, шукрли, сабрли бўлиш­лари  зарур.
 
 
Акмалхон НИЗОМОВ,  
Шаҳрисабз тумани “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имоми ноиби