Ривоят қилинишича, Нуҳ (алайҳиссалом)дан сиз бу дунё­ни қандай тасаввур қиласиз, дея сўраганларида, у зот: “Дунё бир уй экан, мен унинг бу эшигидан кириб наригисидан чиқиб кетяпман”, деган экан. 
Қуръони каримда бундай дейилади: «Аллоҳ уларни яъни, мушрикларни ҳисоб-китоб учун тўплайдиган Кунда улар бу дунёда гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек - яшагандек бир-бирларини танурлар» (Юнус, 45).
«Улар ўзаро шивирлашиб: “Дунёда ўн кунгина турдинг­лар”, дейдилар. Биз уларнинг айтадиган сўзларини жуда яхши билурмиз. Ўшанда уларнинг энг намунали йўлни тутган – донолари: “Бир кунгина турдинглар”, дейди» (Тоҳа, 103-104).
Вақтнинг ўтиши умрнинг ўтишидир. Афсуски, баъзи одамлар вақтларининг зое кетаётганидан бепарводир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Ўша кофирлар азобга дучор қилинадиган Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, ҳаёти дунёда қилган амалларининг хабарини берур. У амалларини Аллоҳ ҳисоблаб битиб қўйган. Улар эса унутиб юбордилар. Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир» (Мужодала, 6).
Вақт қилич каби кескир, агар биз уни кесмасак, у бизни кесади. Демак, бўш вақтимизни илм-ҳунар ўрганишга сарфламасдан, дунё ҳой-ҳавасларию фақат бекорчи ўйин-кулгилар билан ўтказадиган бўлсак, ғафлатда қоламиз. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «У сизларни Ер юзида яратиб-таратган Зотдир. Ва сизлар (қиё­мат кунида) Унинг ҳузурига тўпланурсизлар. У тирилтирадиган ва ўлдирадиган Зотдир. Кеча ва кундузнинг ўзгариб туриши ҳам Унга (боғлиқ)дир. Ахир ақл юргизмайсизларми?» (Муминун, 79-80).
 
Аҳмаджон БОЙҚОБИЛОВ, 
Қарши шаҳар бош имом-хатиби