Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни, ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди.  (Эй инсон,) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!...” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин”, – деб айт!» (Исро, 23–24).

Фарзанд ота-онага доимо яхши муомалада бўлиши шарт. Айниқса, улар кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, ёрдамга муҳтож бўлганларида, масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач, унинг кўнгли нозик бўлиб қолади. Ҳар қандай сўз ҳам ёқавермайди. Ана шундай ҳолда фарзанд уларга “уф” деган сўзни ҳам айтмаслиги лозим. Чунки ҳар бир ота-­она ўз боласини тарбия қилиш ва парваришлаш вақтида барча машаққатларга сабр қилган, чексиз меҳр кўрсатган. Фарзанд гўдаклигида ота-онага қанчалик муҳтож бўлса, ота-она ҳам кексайганда фарзандининг ёрдамига шунчалик муҳтождир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?!” (Ёсин, 68).
Ушбу оят инсонларни теран фикр юритишга ундайди. Яъни, барча ҳам кексайса, ёрдамга муҳтож бўлади. Қарамоғида кекса ота-онаси ёки бирор қариндоши бор кишилар, авваламбор, бу Аллоҳнинг буйруғи эканини ҳис этиб, сўнг ўзларининг ҳам шу ҳолга тушишларини ўйлаб, ибрат олишлари зарур. 
Кексалик Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан биридир. Ушбу даврни ибодат ва хайрли ишлар билан ўтказган киши Аллоҳ таолонинг ҳузурида юксак мартабага эга бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг яхшиларингиз – узоқ умр кўриб, кўпроқ яхши амаллар қиладиганларингиздир”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти). 
Мусулмон кишининг ёши улғайгани сари Аллоҳ таолонинг унга берадиган даражалари ҳам ортиб боради. Усмон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бир мусулмон банда қирқ ёшга етса, Аллоҳ унинг ҳисобини енгил қилади. Олтмиш ёшга етганида, Аллоҳ таоло у бандани тавба қилишга муваффақ қилади. Етмиш ёшга етса, унга осмон аҳллари (фаришталар) меҳр қўядилар. Саксон ёшга етганда, Аллоҳ унинг яхши амалларини қолдириб, ёмон амалларини ўчириб юборади. Тўқсон ёшга етганда эса, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини мағфират қилади. Хонадон аҳлларига уни шафоатчи қилади. Ҳамда осмонда бу одам ҳақида “Аллоҳнинг ердаги асири”, деб ёзиб қўйилади» (Имом Аҳмад ривояти). 
Аллоҳ таоло орамиздаги барча ёши улуғ кишиларни соғ-саломат қилсин. Дуогўй бўлиб юришларини насиб этсин!
 
Ислом БОБОБЕКОВ,
Тошкент ислом институти талабаси