Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)­дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Рабби­нгиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир" (Нисо,1).

Халқимизда меҳр кўзда деган ҳикматли сўз бор. Қариндошлар бир-бирини йўқласа, меҳр-мурувват дарахти гуллайверади. Бордию улар ораларидаги алоқалар узилса, ҳасад ва адоват болалайди. Пай­ғамбаримиз (алайҳиссалом): "Қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло қайтарган амаллардан бири силаи раҳм­ни узишдир. Силаи раҳм қариндош-уруғлар ҳолидан хабар олиш демакдир. Муовия (розияллоҳу анҳу) ҳазрат Умардан (розияллоҳу анҳу) мурувват ҳақида сўраганларида, у зот: "У тақво ва силаи раҳм килишдир", дедилар. Дарҳақиқат, инсонга ота-онасидан сўнг энг кўп ёрдами тегадиган, унга яхшилик қиладиган, меҳр-муҳаббат кўрсатадиган кишилар, албатта, қариндошларидир.

Силаи раҳм қилишнинг бир неча одоблари бор. Биринчиси, киши силаи раҳмни энг яқинларидан, масалан, ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, сўнг бошқа қариндошларидан бошлаши керак. Агар амаки ё холасининг ўғиллари билан борди-келди қил­са-­ю­,­ ака-укасини тарк қилса, бу одобдан эмас. Иккинчиси, узоқ қариндошлар билан ҳам борди-келди қилишлик. Баъзилар яқиндаги қариндошлари билан алоқа қиладилару, лекин узоқ қариндошлари билан алоқа қилишмайди. Аслида бу ҳол силаи раҳм одобларига хилофдир. Учинчиси, келмайдиган қариндошларни ҳам йўқлаб, уларникига бориб туриш. Баъзилар қайси қариндоши уникига келса, у ҳам боради, келмаса, бормайди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай дедилар: "Борди-келди қилмай қўйган қариндошникига бориш ҳақиқий силаи раҳмдир". Тўртинчиси, қариндошлардан етадиган озорни кўтариб, унга сабр қилиш ҳам одоб қоидаларига киради. Бир киши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) олдига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор. Мен уларникига бораман, улар эса келишмайди. Уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қилишади. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар эса менга қўполлик қилишади", деди. Шунда у зот: "Агар иш сен айт­ган даражага етган бўлса, улар қиёматда жаҳаннамнинг тупроғини ялайдилар. Лекин сен силаи раҳмни тўхтатма", дедилар.

Бешинчиси, садақа ва закот қариндошлар ичида муҳтожлари бўлса, аввал ўшаларга берилиши зарур. Машҳур саҳоба Абу Талҳанинг (розияллоҳу анҳу) Мадинада катта хурмозори бор эди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, шу хурмозоримни Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмоқчиман. Айтинг, кимга берай?" деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Қариндошларинг орасида муҳтожлари бўлса, ўшаларга бер", дедилар.

Олтинчиси, қариндошларни яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтариб туриш керак. Уларга тили ва қўли билан озор бермаслик силаи раҳм одобларидан.

Аллоҳ таоло силаи раҳм қилганларга нафақат бу дун­ё­да, балки охиратда ҳам улуғ ажрларга эга бўлишини ваъда қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Савоби энг тез тегадиган ибодат бу силаи раҳмдир", деб марҳамат қилганлар. Яна бошқа ҳадисларда: "Ким ризқ-рўзи кенг ва умри узоқ бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин", деганлар.

 

Худоёр ЎРОЗИМБЕТОВ